Олти кунлик оммавий қабулда минглаб масалалар ечим топди

09:04 16 Май 2022 Жамият
760 0

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи ва шахсий кўрсатмаси асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятида ўтказган оммавий қабуллари ҳар қачонгидан ҳам кенг масштабда анчайин гавжум, қизғин ва ишчан руҳда кечди.

Оммавий қабуллар уч ойлигининг илк манзилидаёқ олти кунда қарийб 2 минг 650 та масала кўриб чиқилгани ҳам шундан далолат бериб турибди. Йигирмадан зиёд вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотлар масъуллари “Инсон қадри учун!” ғояси асосида бир мушт бўлиб бирлашгани туфайли аксарият масалалар жойига чиқиб ўрганилди, маҳаллаларда, хонадонларда, ижтимоий соҳа объектларида мулоқотлар олиб борилди.

Тизимли муаммолар бўйича қўшимча ишчи гуруҳлар иш олиб бораётган бўлса, айрим соҳалар бўйича алоҳида мулоқот майдонлари ташкил қилинмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳи фаолияти натижадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Бир мисол, Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва оммавий қабуллардаги мурожаатлар таҳлилидан сўнг Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олийгоҳларининг 50 нафардан зиёд малакали шифокорлари Фарғонага таклиф қилинди. Турли ҳудудларда уларнинг алоҳида сайёр қабуллари, тиббий кўриклари ташкил этилмоқда.

Қисқа вақтда 6 минг 130 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Хасталик аниқланган 3 минг 920 нафар бемор стационар даволанишга йўналтирилди. Шулардан қарийб 300 нафари Республика марказларида даволанади.Айтайлик, энди 10 ёшга кирган Асадбек Толипов ҳам юрак хасталигидан азият чекмоқда. Куни кеча оммавий қабулда Насибахон Қосимова неварасининг дардига даво топиш масаласида амалий ёрдам сўрагач, Асадбекка Тошкент шаҳрида даволаниши учун йўлланма ажратилди.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож 731 нафар беморнинг 101 нафарида Фарғонада мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Туғма юрак етишмовчилиги билан хасталанган 2,7 минг нафар болаларни босқичма-босқич даволаш белгилаб олинди.Биринчи босқичда улардан 680 нафари соғлом ҳаётга қайтади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мурожаатлар таҳлили асосида вилоятдаги 70 та маҳалланинг тиббий пунктини, 101та оилавий шифокорлик пунктини қайта ташкил этиш бўйича ишларни янада жадаллаштирди. Хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан мулоқотлардан сўнгумумий қиймати 70 млрд. сўмга тенг 11 та концепция лойиҳаси, Олтиарикдаги “Odiljon Med Line” шифохонаси билан эса лойиҳа қиймати 10,4 млрд. сўмга тенг давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.

Бу жараёнда ногиронлиги бор мурожаатчиларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айтайлик, Боғдод тумани «Самандарак» қишлоғида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Насибахон Бобохонова уйда чеварлик қилиши, маҳалла хотин-қизларига бу ҳунарни ўргатаётганини айтиб, хонадонини таъмирлаб, қулай меҳнат муҳитини яратишда амалий ёрдам сўраган эди.

Мурожаатдан сўнг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари, Халқ қабулхонаси ва секторлар раҳбарлари билан бирга Насибахон Бобохонованинг уйига келиб, унинг оилавий шароитини ўрганишаркан,бу оиланинг тўрт нафар вакилида ногиронлик борлиги, Насибахоннинг ишлаб даромад топиши бу рўзғорга анчайин барака киритиши маълум бўлди. Натижада ички имкониятлар ҳисобидан аёлнинг уй-жойини таъмирлаш учун зарур қурилиш материаллари, чевар аёлга эса янги-замонавий тикув машинаси ажратилди.

Шу куни Боғдоднинг “Амиробод”маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Соҳибахон Йигитованинг аввалги оммавий қабулдаги мурожаати ижроси ҳам жойига чиқиб ўрганилди. Бу аёл ҳам қўли гул чевар.Уўтган йили уй-жой олиш учун мурожаат қилган, ўшанда бу муаммонинг энг оптимал ечими сифатида Соҳибахоннинг ота ҳовлисидан яқинлари ажратган жойда ички имкониятлар ҳисобидан ҳам уй-жой, ҳам корхона қуриб бериш белгиланган эди. Ўрганишлардан сўнг бошланган эзгу ишларни охирига етказиш учун зарур қурилиш материаллари, аёлга замонавий тикув машинаси ажратилди.

Ҳадемай, мана бу беш хонали уй Соҳибахон ихтиёрига топширилади, у эса ўз яқинлари бағрида мўъжаз тикувчилик корхонасида маҳалласидаги 30 дан зиёд қиз-келинларга бош бўлиб, иш бошлайди.

Бош прокуратура масъулларигаижтимоий ҳимояга муҳтож худди шундай инсонлардан келиб тушган мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, риштонлик ёлғиз она Гулноза Муҳиддиновага ҳам 2-сектор кўмагида янги уй-жой қуриб бериш учун зарур қурилиш материаллари ажратилди. Айни пайтда бу хонадонда бунёдкорлик ишлари авжида.

Мурожаатлар асосида кўплаб хотин-қизларнинг тадбиркорлик, меҳнат ва бандлик билан боғлиқ муаммолари ҳам ҳал қилиб берилди. Айтайлик, Фотимахон Қўқонбоева аввалги мурожаатидан сўнг Фарғона тумани “Гулистон” маҳалласида оилавий пойабзал ва миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқариш корхонасини йўлга қўйди, 5 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлади. Бу галги қабулда фаолиятини янада кенгайтириш учун субсидия ажратишларида амалий ёрдам сўраган Фотимахоннинг бу масаласига ҳам ижобий ечим топилди.

Худди шундай мурожаатлар асосида 51 нафар хотин-қиз ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилди. Айтайлик, Фарғона ҳуқуқшунослик коллежини битирган Ўғилой Абдуқаҳҳорова Фарғона туманидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ёрдамчи инспектор вазифасида иш бошлади.

Қўштепалик Нодира Эргашева эса туман Бандликка кумаклашиш марказига, ёзёвонлик Қаноатхон Исақова Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмасига ишга қабул қилинди.

Халқ таълими вазирлиги масъулларига мурожаатлардан сўнг Фарғона давлат университети битирувчиси Баҳром Асронов Фарғона туманидаги 58 сонли мактабнинг психология фани ўқитувчиси, бир йилдан бери ишсиз юрган олий маълумотли ўқитувчи Зокиржон Асроров эса Фарғона туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари сифатида иш бошлади.

Бу йилги оммавий қабуллар ва Хотира ва қадрлаш куни байрами ота-онасидан ажралган қўштепалик 22 ёшли Жасур Тожибоев, унинг опаси ва икки жияни ҳаётида унутилмас қувонч билан умрбод эсда қоладиган бўлди. Улар анча вақтдан бери ижарама-ижара сарсон юрганди. Жасурнинг мурожаатидан сўнг уларга туманнинг Истиқбол маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан уч хонали шинам ижтимоий хонадонажратиб берилгач, тўрт инсоннинг қалби тонгдек ёришди.

Ҳа, инсоннинг ўз бошпанасига эга бўлиши — катта давлат, уйнинг томи бутун бўлиши эса тинч-осуда ҳаёт омили, дегани. Фарғона шаҳри Қиргули мавзесидаги кўп қаватли уйда яшовчи Санжарбек Абдуллаев оммавий қабулда 4-қаватдаги хонадонидан чакка ўтишидан шикоят қилган эди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъуллари бу шикоятни жойига чиқиб ўргангач, уй томи таъмирланди. Муаммо ҳал қилинди.

Мулоқотлар давомида электр таъминоти тизимидаги кўплаб масалаларга ҳам жойига чиқиб ўрганилгач, ечим топилди. Айтайлик, бувайдалик Муҳсинжон Мамазиёев аризаси асосида “Бувайда” маҳалласи “Зиё” кўчасидаги, Абдусалом Камолов шикояти туфайли Бувайданинг “Боғ маҳалла”си “Боғ” кўчасидаги, боғдодлик Абдурасул Азимқуловнинг Президент виртуал қабулхонасига йўллаган аризалари асосида эса туманнинг “Чек Мирзаобод” қишлоғидаги эскирган, қўлбола симёғочлар замонавий бетон таянчларга алмаштирилмоқда.

Фарғона тумани “Саноат” маҳалласида 100 дан ортиқ хонадонга хизмат кўрсатувчи мана бу трансформатор ҳам анча чарчаб қолган экан. Шу маҳаллалик Шукуржон Шокиров оммавий қабулда айни шу масалага ечим излаб келган эди. Мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач,мутахассисларэски трансформаторни таъмирлаб берди. Бир ариза асосида юз хонадоннинг муаммосига бирваракайига ечим топилди.

Қўштепа туманидаги “Сармозор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси мурожаатлари асосида ҳудуддаги тупроқ йўлларга шағал ётқизилди.

Оммавий қабулларда Олий суд ва Судьялар олий кенгашига келиб тушган 471 та масаланинг 196 таси, Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 383 та ариза-шикоятнинг 177 таси, Ички ишлар вазирлиги тизимига оид 263 та мурожаатнинг 114 таси жойида ҳал қилинганига гувоҳ бўларканмиз, Президентимизнинг “Инсон қадри улуғланган юртда, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади” деган сўзлари мазмун-моҳиятини яна бир карра англагандек бўлдик.

Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича 14 та туман-шаҳар судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 72 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди. Тарафлар ярашганлиги муносабати билан 49 нафар шахсга оид жиноят ишлари тугатилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 59 нафар вояга етмаганга алимент ундириш бўйичасуд буйруғи чиқарилди. Мулоқотлар давомида 24 та ариза Олий судда кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.

Фарғона туманида яшовчи Адҳамжон Маллаев ўзига тегишли 9 сотих ер участкасига эгалик ҳуқуқини сақлаб қолиш учун анча курашди. Ниҳоят масала суд тартибида ҳал қилинди. Фарғона туман маъмурий суди шу қабулнинг ўзида бу ишни кўриб, унинг фойдасига қарор чиқарди.

Фарғона туманида яшовчи Ҳасанхон Абдуллаев эса бу галги оммавий қабулга Президент виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатлари асосида адолат қарор топгани, қарийб 50 инсоннинг муаммоси ҳал қилингани учун миннатдорлик билдириш учун келди.

Гап шундаки, бу инсонлар «Қўрғонтепа» сувомборига туташ ҳудудда шоли етиштириш билан шуғулланган, бироқ Фарғона туман ҳокимлиги 2018 йили бу ҳудудни “туман захирасида” деб бир тадбиркорга фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ажратиб берган. Бироқ тадбиркор бу йўналишда фаолият олиб бормаган.Камига ўрганишлар бу ҳудуд 2012 йили “Қўрғонтепа” сув омборига муҳофаза зона сифатида ажратиб берилганини, ҳеч қачон туман захирасига олинмаганини кўрсатди.

Яқинда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси судга ариза билан мурожаат қилгач,Фарғона туманлараро иқтисодий суди бу ишни кўриб чиқиб, жавобгар томонга берилган лицензиянибекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарди. Шу боис Ҳасанхон Абдуллаев бу галги қабулга шикоят эмас, миннатдорлик хати билан келди.

Марғилонлик тадбиркор Зиёдилла Нурматовнинг“Yasnur tex” хусусий корхонаси банкдан каттагина кредит олган, бироқ кредит фоизларини вақтида тўлай олмаган эди. Банк вакиллари Марғилон туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилгач, ундирув гаровдаги мулкларга қаратиладиган бўлиб қолди. Тадбиркор эса қарзларни тўлаш учун муддат сўрагач, суд икки томонни муросага чақирди, келишув таклиф қилди. Томонлар музокара столига ўтиргач, гап бир жойдан чиқди ва улар медиатив келишувтузишди.

Мана бу жамоавий мурожаатда эса Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети мактабгача таълим йўналишининг 3-босқичида таълим олаётган 77 нафар талаба ва уларнинг ота-оналари ўқув режа ва фан дастурлари ўртасидаги фарқнинг ҳуқуқий ечимини топишда, тўлов-контракт суммаси, диплом олиш билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам сўрамоқда.

Мурожаатдан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси масъулларидан иборат махсус комиссия тузилиб, вилоятга чақирилди. Улар университет раҳбарияти, педагоглар ва талабалар билан мазкур масалани муҳокама қилиб, жамоавий масалага ечим топишга киришди.

Бош прокуратура масъулларига мурожаатлардан сўнгжиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги12 та, жиноят ишини тўхтатиш ҳақидаги 3 та, жиноят ишини тугатиш бўйича2 тақарорларбекор қилинди, ерларни талон-торож қилиш билан боғлиқ биттаҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди,тегишли давлат идораларининг 8 та ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш тўғрисида протестлар келтирилиши таъминланди. Қабуллар давомида 46 нафар мурожаатчи аёлга 234 млн. сўмлик алимент тўловлари ундириб берилди.

Ички ишлар вазирлиги масъулларига шикоятлар асосида 9 нафар мурожаатчининг терговга қадар текшириш ҳужжатлари ва жиноят ишлари юқори тергов органлари иш юритувига ўтказилди. Мазкур ишлар бўйича терговга қадар текшириш ва тергов ҳаракатлари олиб борган ходимларга нисбатан хизмат текширувлари тайинланди.25 та жиноят ишини қўзғатиш рад этилган терговга қадар текширув ҳужжатлари, тугатилган 5 та жиноят иши қарорлари бекор қилинди.

Қўқонлик Равшан Омоновнинг хонадонида содир этилган ўғирлик бўйича олиб борилаётган жиноят иши, Бувайда туманида 11 йилдан буён 70 дан зиёд фуқаролар шикоятларига сабаб бўлган бозор бузилиши билан боғлиқ яна бир жиноят иши вазирлик иш юритувига олинди. Данғаралик Иқбол Мирзаюнусовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши адолатли ва ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси юритувига ўтказилди.

Ариза-шикоятлар таҳлилидан сўнг вилоят ички ишлар тизимида жиноят ишлари юритуви сифатини, ҳудудий терговчилармалакасини ошириш, терговдаги хатоларни кескин камайтириш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг30 нафар малакали терговчиларидан иборат ишчи гуруҳ Фарғона вилоятига жалб этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 41 нафар фуқарога фуқаролик ва хорижга чиқиш паспортлари бепул расмийлаштириб берилди, турмушида тазйиқ ва зўравонликка учраган 15 нафараёлҳимоя ордери билан таъминланди.

Кадастр агентлиги масъулларига мурожаатдан сўнг Тошлоқ тумани Турват маҳалласи Тинчлик кўчаси 63-уйда яшовчи Барчиной Асқарованинг ўз ҳовлиси учун кадастр ҳужжатини тайёрлатиш билан боғлиқ 10 йиллик муаммоси ҳал қилинди. Ариза асосида Фарғона вилояти давлат архивидан Барчиной Асқаровага 1991 йили уй-жой қуриш учун ер ажратишга оид ҳужжат топиб берилиб, шу асосда ҳовлининг кадастр паспорти тайёрлаб берилди. Аёлнинг оиласи оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолгани инобатга олиниб, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ тўловлар ҳам ички имкониятлар ҳисобидан қопланди.

Вилоят ҳокимлиги масъуллари асосан иқтисодий-ижтимоий соҳаларга оид 359 та масаланинг 71 тасини жойида ҳал қилди. Аҳоли учун бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинди.

Умумлаштириб айтганда, давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Фарғонадаги олти кунлик оммавий қабулларида вилоятнинг барча ҳудуди аҳолиси қамраб олинди. Очиқ-жонли мулоқотларда 2 минг 649 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 118 таси жойида ҳал қилинди. 594 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 937 та мурожаатни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер