“Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор”
Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллиги
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Халқобод маданият марказида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор” номли адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда шоир ва ёзувчилар, шоирнинг оила аъзолари, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Бадиий кечада сўзга чиққанлар Рауф Парфи ижоди, жасоратли шеърияти, шоир шеърларидаги ўтли руҳ — эрк, Ватан, муҳаббат туйғулари таъсирчан тарзда ифодалангани, ижодкор таржимон сифатида ҳам ўзига хос мактаб яратгани, бу адабиёт бугун ҳам мухлислар қалбида яшаётгани ҳақида сўз юритди.

— Устоз Рауф Парфи бутун умри мобайнида туркий бирлик ҳақида орзу қилди, ўйлади, ёзди, — дейди шоир ва таржимон Вафо Файзуллоҳ. — Бугун ўша улуғ мақсад амалга ошмоқда, қардош давлатлар ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий ҳамкорликлар асосида бирлашишмоқда. Агар Рауф Парфи бу кунларнинг шоҳиди бўлганида нақадар хурсанд бўларди. Бугун устознинг 80 йиллиги кўтаринки руҳда ўтди. Муҳташам адабиёт боғи сўлмас экан, Рауф Парфи ҳам қалбларимизда барҳаёт яшайверади.

Тадбирда шоир шеърлари ўқилди, санъаткорлар томонидан Рауф Парфи ижод намуналари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг