Олот туманида юк мототцикллари йиғилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро вилояти Олот ҳамда Қоракўл туманлари қишлоқ йўлларида юк мототциклларини кўплаб учратиш мумкин. Мазкур автоулов фермерлар, томорқачилар, қўйингки, аҳолининг барча қатлами ташвишларини енгиллаштиришда қулай транспорт воситаси бўлмоқда.
Ана шундай юк мототциклларига эҳтиёж борлигини назарда тутган ҳолда Олот туманида ёш тадбиркор Фарҳод Тўрамуродов ташаббуси билан “Бухоро Gold Star” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун 15 миллиард сўм миқдоридаги маблағ сарфланди. Натижада дастлабки босқичда 50 та иш ўрни яратилди.Бу ерда йилига уч мингта юк мототцикли йиғиш имконияти бор. Бир тонна ва ундан ҳам кўпроқ юк ташишга мўлжалланган бу автоуловлар ёнилғини нисбатан кам сарфлайди, нархи ҳам чўнтакбоп. Бу ерда бутловчи қисмлар цехини ишга тушириш тараддуди ҳам кўрилмоқда.
Эътиборлиси, “Бухоро Gold Star” масъулияти чекланган жамияти тумандаги “Халифа” маҳалласи ҳудудида мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб – қувватлаш чора – тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”нинг қалдирғоч корхонасига айланди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг