Олмазор туманида амалга оширилаётган ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар ҳамда рақамли трансформация жараёнлари ўрганилди
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳри Олмазор туманида амалга оширилаётган ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар ҳамда рақамли трансформация жараёнлари билан яқиндан танишди.
Дастлаб ишчи гуруҳ «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий барқарорлик даражаси, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика тизими самарадорлигини танқидий таҳлил қилди. Ўрганишлар давомида «маҳалла еттилиги» фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, иш самарадорлигини ошириш, мутасаддилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, маҳаллада олиб борилган тизимли ишлар натижасида жиноятчиликка чек қўйишга ва ҳудудни «қизил» тоифадан чиқаришга муваффақ бўлингани ижобий баҳоланди. Сенатор аҳоли учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишда жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабабларини бартараф этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ «Қорақамиш деҳқон бозори»да рақамли технологияларни жорий этиш ҳолатини ўрганди. Асосий эътибор тизимни рақамлаштириш, нақд пул айланмаси шаффофлигини таъминлаш ҳамда сотувчи ва харидорлар учун яратилган шароитларга қаратилди.
Бозорда ташкил этилган Ситуацион таҳлил марказидаги техник воситаларнинг реал вақт режимида ишлаши самарадорлиги кўздан кечирилди, мурожаатларга тезкор жавоб қайтариш тизими механизмлари ҳамда ички ишлар, тиббий ёрдам ва ФВВ хизматлари билан интеграциялашув даражаси ўрганилди.
Савдо расталарида ҚР-кодлар орқали нақд пул айланмасини рақамлаштириш амалиёти шаффофликни таъминлашда муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Марказнинг тезкор хизматлар билан интеграцияси эса «хавфсиз бозор» тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Ўрганишлар давомида савдо ходимларининг меҳнат шароитлари ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳалла ва бозорларда хавфсизликни таъминлаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди. Мазкур таклифлар асосида ишлаб чиқиладиган чоралар режасининг ижроси кейинчалик жойига чиққан ҳолда ўрганилиши таъкидланди.
Ўрганиш натижалари парламент назорати доирасида тизимли таҳлил қилиниб, тегишли соҳаларга оид қонунчиликни янада такомиллаштиришда фойдаланилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг