Олис овулда замонавий боғча фойдаланишга топширилди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Конимех туманининг Холмуродқазған овули вилоят марказидан қарийб 250 километр олисда жойлашган. У марказий Қизилқумда қудуқ қазиб сув чиқарган Холмурод исмли устанинг шарафига шундай аталади. Дастлаб чўпон отари бўлган ушбу овулда бугунги кунда олтмишга яқин оила истиқомат қилиб, уларнинг фарзандлари учун 25- умумтаълим мактаби фаолият кўрсатади. Овул болалари эса мактабгача таълим ташкилоти нималигини билмасдан тўғридан-тўғри биринчи синфга борарди.

— Овулимиз болалари ўзларининг замонавий мактабгача таълим муассасасига эга бўлди, — дейди МТМ мудираси Гулзат Кулатова. — Мазкур таълим муассасаси 90 ўринга эга. Фарзандларимизни ҳам маънан, ҳам жисмонан камолга етиши, умумтаълим мактабига тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

«Dream work 2020» МЧЖ томонидан қурилиб фойдаланишга топширилган МТМ очилиш маросимида туман ҳокими ҳамда «Навоийуран» ДК Бош директори иштирок этиб, овул аҳли билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Аҳолининг бир қатор ҳақли талаблари жойида қаноатлантирилиб, айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг