Олий суд раисининг сайёр қабулига 97 яшарли оқсоқол нега борган эди?
Фото: муаллиф олган сурат.
“Халқ сўзи ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Камилов иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда мурожаат қилувчилар ўзларининг фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судларга оид сўровлари билан қатнашдилар.
Андижон шаҳрида яшовчи Тоҳиржон Абдуғазизов фарзанди Дониёрбек Абдуғазизов масаласи юзасидан Олий судга мурожаат қилганди. Унинг маълум қилишича, фарзанди 2016 йилнинг март ойидан сентябрь ойигача бўлган муддат ичида 24 нафар шахснинг интернетдаги логин паролини бузиб кирган ва уларга тегишли бўлган 4 миллион 471 минг сўмлик мегабайтдан ўз манфаати йўлида фойдаланган. Натижада унга нисбатан қамоқ жазоси тайинланган. Сайёр қабулда маҳбусга инсонпарварлик тамойили қўлланилиб, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида жиноят иши қайта кўриб чиқилди.
— Жазони ижро этиш муассасасида олиб борилган ахлоқий-тарбиявий машғулотлардан сўнг ўзимга тегишли хулоса чиқардим, — дейди Дониёрбек Абдуғазизов. — Бугунги суд мажлисида эса етказилган моддий зарар тўла қопланганлиги, ҳали ёшлигим ва бошқа жиҳатлар инобатга олиниб, жазонинг қолган қисми бекор қилинди ва суд залида қамоқдан озод этилдим. Бундан буён тўғри йўлдан адашмасликка сўз бераман.
— Ёшим 97 да, — дейди Андижон туманининг Меҳнат кўчаси, 109-уйда истиқомат қилувчи Ҳомиджон ота Мусаев. — Шу ёшимда бундай қабулларда қатнашаман, деб сира ўйламагандим. Ҳамма гап шундаки, ўз набирам 2008 йили уйимнинг 13 сотих қисмини сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштириб олган экан. Буни анча йиллардан кейин билдим. Натижада тўрт хўжалик яшаш имкони бўлмаган эски уйларга кўчиб ўтдик. Фуқаролик ҳуқуқимни талаб қилиб бормаган идорам қолмади. Олий суд раиси қабулида бўлиб, тегишли маслаҳатларни олдим. Мурожаатим тез кунларда ўрганиб чиқилиб, ноҳақликлар барҳам топишига ишончим ортди.
Мурожаат қилувчилар орасида миннатдорчилик билдиргувчилар ҳам кўп бўлди. Асака туманидаги Файзиобод маҳалласида яшовчи Тоҳиржон ота Мамажонов билан Нажмиддин ота Эгамбердиев 2012 йилдан буён суд маҳкамаларига мурожаат қилганликларини баён этдилар.
— Биз истиқомат қилаётган маҳаллада шаҳарсозлик ишлари амалга оширилиши муносабати билан уйларимиз бузиладиган бўлди, — дейди Нажмиддин ота Эгамбердиев. — Биз рози бўлдик ва бошқа жойга кўчиб ўтдик. Бироқ уйимиз бузилганлиги учун тўланадиган маблағ ўз вақтида берилмади. Орамизда кимдир ижара уйга кўчиб кирган, кимдир шу тўлов пулидан янги уй барпо этишни режалаштирган эди. Натижада аксарият аҳоли кўчада қолдик. Ва ниҳоят, суд идораларига қилган мурожаатимиздан сўнг 251 нафар фуқарога тўланиши керак бўлган маблағ ундириб берилди.
Шу куни 100 нафардан ортиқ фуқаролар мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксарияти ижобий ечим топган бўлса, айрим юртдошларимизга ҳуқуқий кўмак кўрсатилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг