Олий суд Пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган тадбирда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ва Иқтисодий процессуал кодекси амалга киритилгани жамиятимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Дунёнинг тараққий топган давлатлари амалиётини чуқур ўрганиш ҳамда ислоҳотлар жараёнида тўпланган бой тажрибамиз асосида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатлар одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини замонавий механизмлар орқали кафолатли ҳимоя қилиш, судлар фаолияти шаффофлиги ҳамда очиқлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 14 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Ушбу Концепция халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда ва Ҳаракатлар стратегиясига кўра, жиноят ҳамда жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган.
Ўз навбатида, айтиб ўтилган қонун ҳужжатларини судларда бир хилда қўллаш, бу борада ягона амалиётни шакллантириш — Олий суд Пленумининг тегишли қарорларини қабул қилишни тақозо этаётган эди. Шу асосда Олий суд ишчи гуруҳи томонидан суд амалиёти чуқур ўрганилди ҳамда қатор қарорлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Хусусан, “Биринчи инстанция суди томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судлар эътибори, процессуал нормаларга риоя қилмаслик тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини инобатга олган ҳолда, фуқаролик ишларини кўришда фуқаролик процессуал қонун нормаларига қатъий риоя қилиш зарурлигига қаратилмоқда.
“Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳаси эса судлар эътиборини маъмурий ишларни юритиш бўйича процессуал қонун нормаларига қатъий риоя этиш, уларни кўриб чиқиш сифатини яхшилаш, ҳар бир иш бўйича қонуний ҳамда асослантирилган қарор қабул қилиш муҳимлигига йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбирда, шунингдек, яна бир қатор қарор лойиҳалари муҳокамадан ўтказилди.
Пленум мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг