Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлисда Қонунчилик палатаси депутати Ўктам Исломов сўз олиб, мажлис кун тартиби лойиҳасига парламент назорати йўналишида қўшимча киритиш таклифини илгари сурди.
Халқ вакили ўз сўзида глобал экологик муаммолардан бири —атмосферанинг ифлосланиши масаласи Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганига эътибор қаратар экан, ушбу долзарб мавзу юзасидан жорий йилнинг 16 январь куни Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишга алоҳида тўхталди.
Депутат йиғилишда тегишли вазирлик, идоралар масъуллари, тажрибали олимлар, етук мутахассислар иштирокида атмофера ҳавосининг ифлосланиши сабаб ва оқибатлари, ҳавони муҳофаза қилиш усуллари атрофлича муҳокама қилинганини эътироф этди.
Шу билан бирга, депутат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотини эшитиш масаласини кун тартибига киритиш таклифини қайд этди.
Ушбу таклифни Ўзбекистон Экологик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов ҳам қўллаб-қувватлаб, келгусида ушбу долзарб масала юзасидан вазир ахборотини эшитиш зарурлигини билдириб ўтди.
Мазкур таклиф юзасидан сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларининг раҳбарлари ҳам муносабат билдириб масаланинг жиддий ва айни вақтдаги долзарблигидан келиб чиқиб, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахборотини эшитиш масаласини қўллаб-қувватлашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг