Олий Мажлис делегацияси Боку шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди

13:56 02 Июнь 2023 Сиёсат
875 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Боку шаҳрида Озарбайжон Милли Межлиси томонидан ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (ПА) билан ҳамкорликда ташкил этилган “Яшил иқтисодиёт, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш орқали хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда миллий парламентларнинг роли” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

Анжуманга ЕХҲТ минтақасининг 27 мамлакати парламентлари аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.

Дастурга мувофиқ тадбир “Барқарор ривожланиш ва иқтисодиётни тиклашда “яшил” концепция ва технологияларнинг ўрни” ва “ Барқарор ривожланиш учун халқаро транспорт ва савдони ишга солган холда иқтисодиётни рағбатлантириш орқали таъминот занжирлари барқарорлигини мустаҳкамлаш” мавзуларидаги иккита панель сессияси доирасида ўтказилди.

Уларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш қатор муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши, яшил технологиялар эса атроф-муҳитни муҳофаза қилишда энг самарали ечим экани, буларнинг барчаси қатор муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Конференция доирасида миллий парламентлар аъзолари халқаро транспорт ва савдони енгиллаштириш орқали таъминот барқарорлигини оширишнинг долзарб масалаларини, шунингдек, барқарор ривожланиш ва иқтисодиётни тиклашда яшил концепция ва технологияларнинг ролини муҳокама қилдилар. Ҳамкор мамлакатлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш доирасида қўшма ташаббусларни илгари суришлари лозимлиги, бунда яшил иқтисодиёт келажакдаги инқирозларга нисбатан чидамлироқ бўлиш имкониятини кенгайтириши қайд этилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари, хусусан, сенатор Қ. Турсунов Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, хусусан, “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтди. Иштирокчиларга “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш ва “яшил” ўсиш тамойилларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқларида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.

Анжуман якунида иқтисодий ва экологик муаммоларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер