ОКМК ёшларга қандай эътибор қаратмоқда?
Олмалиқ кон-металлургия комбинати маъмурияти Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ёшлар куни»ига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Унда, комбинат маъмурияти, ёшлар етакчилари ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ОКМК Ёшлар иттифоқи сафида 13 минг 856 нафар йигит-қизларни бирлашган. Бу ерда меҳнат қилаётган ёшларга ишлаши ва ўз истеъдодларини намоён этиши учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг интилувчанлик салоҳиятини юзага чиқаришга йўналтирилган «Ёш технологлар», «Ёш кончилар» каби кенгашлар ҳамда «Кончилар клуби», «Металлурглар клуби», «Бойитувчилар клуби», «Механиклар клуби», «Энергетиклар клуби» каби ўнлаб тўгарак ва уюшмалар фаолият кўрсатмоқда.
Жамоада мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббусни кенг тарғиб қилиш борасида ҳам ибратли ишлар йўлга қўйилган. Йигит-қизларнинг билими ва касбий малакасини ошириш мақсадида мунтазам ўтказилаётган «Билимдонлар майдони», «Энг яхши китобхон» танловлар натижасида ёшлар меҳнат ва таҳсилдан бўш вақтларидан самарали фойдаланишмоқда.
Комбинатда «Устоз-шогирд» анъаналари ҳам яхши йўлга қўйилганлиги билан ибратлидир. Ҳар бир корхона ва бўлинмаларда «Йилнинг энг яхши ёш мураббийи» кўрик-танловида ёшларга кончилик сирларини ўргатаётган устозлар меҳнати муносиб тақдирланмоқда. «Йилнинг энг яхши ёш раҳбари» танлови ғолиб ва совриндорлари бўлган ёш мутахассислар ўз йўналишлари бўйича бош муҳандис, бош мутахассис ва бўлим раҳбарларига бириктирилиб, уларнинг номзодлари раҳбарлик лавозимларига илгари сурилмоқда.
ОКМКнинг иқтидорли ишчи ёшларига олий ўқув юртларининг сиртқи ва кечки бўлимларида таҳсил олиши учун тавсиялар бериш амалиёти ҳам жорий қилинган.

Ёшлар ўртасида китоб мутолаасини шакллантириш учун дунёдаги энг оммабоп 100 та китоб тарғиботи йўлга қўйилди.
«Ёшлар - келажак бунёдкори» шиори остида спортнинг оммавий турлари бўйича ўтказилаётган беллашувларда 3000 нафардан ошиқ йигит-қизлар қатнашади.
Миллий матбуот марказидаги анжуманда бу жараёнларга батафсил изоҳлар бериларкан, Россия, Испания каби давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган комбинат ёшлари билан бевосита онлайн мулоқоти ўтказилди. Хорижда таҳсил олаётган ёшлар ўз ватандошларини оммавий байрам билан самимий қутладилар. Ҳозирги кунда, биргина Москва шаҳридаги «МИСиС» Миллий технологик тадқиқотлар университетнинг кундузги ва сиртқи бўлимларида 13та мутахассислик бўйича 112 нафар талаба ҳамда комбинат маблағлари ҳисобидан республикамизнинг олий таълим даргоҳларида 6та мутахассислик бўйича 316 нафар комбинат ишчи-ходимлари таҳсил олишмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, ўтган 2019 йилда олий таълим даргоҳларини битирган 137 нафар, шунингдек, коллеж битирувчиларидан 500 нафар йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди. Булардан ташқари, мамлакатимиздаги 17та ва 8та чет элдаги олий таълим муассасаларининг 700-800 нафар талабалари ҳамда комбинат билан доимий ҳамкорликдаги касб-ҳунар коллежларининг 2 минг нафардан ортиқ талабалари ўзларининг амалий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида имзоланган шартномаларга мувофиқ ишлаб-чиқариш жараёнларида қатнашиб тегишли дипломга эга бўлдилар.
Миллий матбуот марказидаги тадбирда журналистлар томонидан берилган саволларга ҳам атрофлича жавоблар қайтарилди.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг