Оилада фидойи, жамиятда фаол

14:54 06 Март 2023 Жамият
733 0

Фото: Халқ сўзи

Қишдан зериккан қалблар баҳор насимларидан яйрамоқда. Табиат уйғонмоқда, яшармоқда, янгиланмоқда. Мана шундай ҳузурбахш кунларда баҳорнинг ўзи каби тароватли айёми борки, унинг файзу қувончини сўз билан таъриф этиш мушкул. Шуниси аниқки, бу кун деярли ҳар бир хонадонга aнвойи гуллар тимсолида оналаримизга, опа-сингилларимиз. рафиқамиз ва қизларимизга бўлган меҳру муҳаббатимиз яна бир бор дилдан тилга кўчади.

Шу кунларда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тантаналари юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётгани замирида ҳам мўътабар аёлларимизга бўлган юксак эътибор ва эҳтиром мужассам.

Андижон шаҳрида ўтган асосий байрам тадбирида вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов опа-сингилларимизнинг жамиятда ва оилада тутган ўрни нечоғлик муҳим экани ҳақида ўз фикрларини билдирди.

— Бугун биз, аёлларга эътибор тобора ошиб бораётганини таъкидлаш жоиз, — дейди андижонлик меҳнат фахрий Зарифа Усмонова. — Қайси бир соҳага разм солманг, опа-сингилларимизнинг муносиб иштирокига гувоҳ бўласиз. Тикувчиликдан тортиб раҳбарликкача, ўқитувчиликдан тортиб депутатликкача бўлган вазифаларда улар сидқидилдан меҳнат қилмоқдалар. «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»нинг таркиб топиши эса жамиятда ҳеч бир аёлнинг эътибордан четда қолмаслигига сабаб бўлмоқда. Бугун фойдали ижтимоий меҳнат билан банд бўлмаган сафдошларимизнинг ўзи йўқ. Боиси, ҳатто уйда ўтириб, кексалар парвариши билан банд бўлган ёки кафтдеккина томорқасида экин етиштирган аёл ҳам ўзини ўзи иш билан таъминловчилар сафига қўшилди. Бунинг ортидан яратилган имконият ва имтиёзлар эса уларнинг жамиятда ўз ўрнини эгаллашларига шароит яратмоқда.

Тадбир доирасида бир гуруҳ фаол хотин-қизларга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони топширилди.

Фарғона шаҳридаги “Wine Garden” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокими Х. Бозоров 400 нафардан зиёд тантана қатнашчилари ва улар тимсолида фарғоналик барча аёлларга энг эзгу тилакларини баён этди. Кейинги йилларда юртимизда барча жабҳада юксак марраларни қўлга киритишда дуогўй онажонларимиз, муниса опа-сингилларимизнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида мамнуният билан эътироф этди.

Ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётбахш ислоҳотлар самараси ҳар бир оила ва инсон ҳаётида яққол намоён бўлиши энг устувор вазифа сифатида белгилангани айтиб ўтилди.

Байрам тадбирида Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишида фидойилик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаол аёллар номи тилга олинди, 22 нафар хотин-қизга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони тақдим этилди.

— Бу рағбатдан бошимиз кўкка етди, — дейди Марғилон шаҳридаги «Ипак йўли» МФЙда ташкил этилган «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоси Мурувватхон Салимова. — «Мўътабар аёл» кўкрак нишони топширилиши эса менга ўзгача ғайрат-шижоат бахш этди. Бундан буён ҳам жамиятимиз бахти ва равнақи учун кучим борича меҳнат қиламан.

Хоразм вилоятида гўзаллик ва нафосат байрами муносабати билан ташкил этилган тантанага шаҳар-туманлардан фаол аёллар, иқтидорли қизлар таклиф этилди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ж. Рахимов воҳа аёлларининг илм-фан, маънавият ва маърифат, тадбиркорлик ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида эришаётган ютуқларини санаб ўтди.

— Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёрдамга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳар бир аёлнинг ўз ҳаётидан рози, мамнун бўлиб яшаши учун имконият ва шароитларни кенгайтириш ҳар қачонгидан юксак поғонага кўтарилган, — дейди Гурлан туманидаги 5-сонли мактаб директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Анор Маҳмудова. — Биргина вилоятимизнинг ўзида хотин-қизларнинг 33 минг 500 нафари тадбиркорлик, 220 нафари фермерлик фаолияти билан шуғулланаётгани, 2 минг нафарга яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани қувонарлидир. Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизларга «Аёллар дафтари» орқали кўмак бериш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, илм олиши, касб-ҳунар ўрганиши ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар уларнинг ўзига ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Тадбирда фаол хотин-қизларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва совғалари топширилди. Санъат усталари ижросидаги мусиқий дастур, дилдан суҳбатлар бир пиёла чой устида давом этди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

Ботир МАДИЁРОВ,

Одилбек АДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер