Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик!
Тарихдан биламизки, халқимиз ҳамиша озода ва файзли бўлиш, соғ-саломат юриш, аввало, инсоннинг ўзига боғлиқ эканлигини англаб келган. Бунга юртимиз табиати, боғ-роғларимизнинг ширин-шакар мевалари, тўлиб-тошиб оқиб турган дарёларимиз, тоза, покиза булоқларимиз ҳам сабаб бўлган. Буларнинг ҳаммаси улуғ бобокалонимиз Абу Али Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида алоҳида талқин қилинган.
Давалатимиз раҳбари коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш борасида муҳим Фармон ва қарорларни қабул қилиб, бу борада уч маротаба халқимизга мурожаат қилди.
Шу кунларда юртимизда ҳар бир фуқаро оиладаги озодалик, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни ўзининг бурчи ва вазифаси деб билмоқда. Энг асосийси, Президентимизнинг мурожаати халқимизга таскин берди. Фуқароларимиз орасида саросима ва ваҳима йўқолиб, уларнинг ишончи янада ортди.
Сиз-у бизнинг саломатлигимизни муҳофаза қилиш мақсадида ҳудудларда махсус штаб тузилди, эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.
Шундай экан, уйда қолиб, мутахассисларнинг тавсиялари ва карантин қоидаларига амал қилайлик. Зеро, янада жипслашиб, ҳамжиҳатликда бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтамиз.
БИР БЎЛАЙЛИК, КУРАШАЙЛИК…
(Президент мурожаатини тинглаб)
Одам ўғли тупроқ юзин босаркан,
Ўтди қанча замон, қанча асрлар.
Кенг коинот кўкка юлдуз сочаркан,
Ҳар юлдузда туғилди минг тақдирлар.
Жаҳон узра илм нурин сочган эл,
Бўйсундирди ер, ҳаво, сув оловни.
Ибн Сино, Беруний, Хоразмийлар,
Топди сирин туғилган ҳар сўровни.
Улуғбекнинг нигоҳида юлдузлар,
Одам ўғлин ҳаёт йўлин ёритди.
Амир Темур, Жалолиддин боболар,
Фидойилик туйғуларин бойитди.
Не бир кунлар тушди элнинг бошига,
Вабо, чечак, иситмалар тарқади.
Аллоҳ қудрат берди юрт бардошига,
Қолди қанча дард офатлар орқада.
Жафокаш халқ, балолаларга қоришди,
Ваболардан асради авлодларин.
Боболарнинг илмидан дил ёришди,
Сақлаб келди миллатин, аждодларин.
Шундай эркин шундай озод замонга,
Кўз тегдими, сўз тегдими, гап юрар.
Вирус деган тождор бало жаҳонда,
Ўз ҳукмини ўтказмоққа уринар.
Халқим борки, не довонлар ўтмаган,
Халқим борки, Ватанга балогардон.
Халқим борки, сўзидан ҳеч қайтмаган,
Бу балодан ҳам ўтар эсон-омон.
Бундай дардни одам ўғли кўрдими?
Бутун жаҳон ҳавотирда, даҳшатда.
Бир нуқтадай вирус жаллод бўлдими,
Аммо инсон номи улуғ албатта.
Қалқди бугун Ўзбекистон оёққа,
Эл раҳбари бирдамликка чақирар.
Уйда қолинг, фарзандларни асранг деб,
Миллат шаънин асраб, илм-сабоқ берар.
Энг аввало дарди кетсин ҳар уйнинг,
Эй одамлар, уйда қолинг, курашинг.
Ҳамдард бўлинг, ҳамкор бўлинг, меҳрла,
Озодалик, поклик учун бирлашинг.
Майли офат номи Коронавирус,
Аммо халқнинг тахти, тожи буюкдир.
Бугун арман, қозоқ, венгер, белорус,
Ҳар элнинг ҳар қарич ери суюкдир.
На бир жаллод душманларин енгган эл,
Ҳаётини авайлагай, асрагай.
Президентнинг меҳри, эътиборидан,
Бир мушт бўлиб, ҳаётини сақлагай.
Йўқотарлар юртдан бу офатни ҳам,
Уйда қолиб, озода, омон бўлинг.
Юртбошимиз Мурожаати мукаррам,
Жипслашиб Ҳур Ўзбекистон бўлинг!
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг