Одамларни рози қилиш — улуғвор мақсадимиз
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойларда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Биргина Ёзёвон тумани прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида жами олтита маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, улардаги 3785 та хонадонда 21 минг 688 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Хўш, уларнинг розилигига эришиш, муаммоларини ҳал этишда қандай ишлар амалга ошириляпти?
Мухбиримиз Ёзёвон туман прокурори, 2-сектор раҳбари И. Ходжаев билан шулар хусусида суҳбатлашди.

— Барча саъй-ҳаракатларимиз аҳоли манфаатларига қаратилган. Биринчидан, бугунги кунда 2-секторда ўтказилган хатлов натижасида 310 нафар ёшлар “ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган бўлиб, кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ушбу ёшлар дафтардан тўлиқ чиқарилиши таъминланди. — Рўйхатга олинган ёшларнинг 51 нафарига субсидия ажратиш орқали меҳнат қуроллари (мотоарра, пайвандлаш ускунаси, дори сепиш ускунаси, тикув машинаси) бериш орқали дафтардан чиқарилиши таъминланди.
Хусусан, сектор ҳудудидаги “Қорасоқол” МФЙда истиқомат қилувчи И.Болтабоевга дори сепиш, И.Толиповга пайвандлаш ускунаси олиб берилди. Натижада улар ўзини-ўзи банд қилиб, доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, рўйхатдаги ёшларнинг 19 нафарига кредит маблағлари ажратилиб, дафтардан чиқарилди.
Бундан ташқари, 97 нафарига деҳқончилик билан шуғулланиб даромад олишлари учун 20 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилиши таъминланган. Рўйхатдаги ёшларнинг 137 нафари тумандаги корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилиши натижасида бандлиги таъминланган.
Яна бир муҳим жиҳат. Секторда ўтказилган хатлов натижасида биринчи босқичда, 223 нафар аёллар “аёллар дафтари”га рўйхатга олиниб, кўрсатилган амалий ёрдам натижасида улар дафтардан тўлиқ чиқарилди.

Хусусан, Юқори маҳалласида яшовчи, ногиронлиги бор фуқаро М.Эргашевага тикувчилик цехи биноси қуриб берилди. Тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, ҳомийлик ҳисобидан 5 та замонавий тикув машинаси билан таъминланиши натижасида ҳозирда “ёшлар дафтари”да турувчи уч нафар ёш ва “аёллар дафтари”да турувчи уч нафар аёл бандлиги таъминланди.
“Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи 8 нафар аёлларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. 40 нафарга яқинига моддий ёрдам берилди. Беш нафарига тикув машиналари, яна шунча фуқарога парранда олиб берилди. Ўн нафари ишга жойлаштирилди, 31 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Юзлаб хотин-қизларга психологик ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Хусусан, сектордаги “Юқори” МФЙда яшовчи фуқаро Г.Шариповага паррандачилик фаолияти билан шуғулланиш учун 30 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиб, яшаш уйида ҳозирда 400 дона товуқ парваришлаб келмоқда. Шу каби фуқаро М.Тошпўлатовага қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ускуна сотиб олишга 30 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Ҳозирда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, даромад манбаига эга бўлган.

Шунингдек, “Гулистон” МФЙда яшовчи фуқаро Ф.Турсунқуловага тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш учун тикув машинаси сотиб олишга 30 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Кредит ҳисобига 5 та тикув машинаси олиб, ҳозирда яшаш уйида уч нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаб, тикувчилик билан шуғулланяпти.
Бундан ташқари, секторда ўтказилган хатлов натижасида иккинчи босқичда, 301 нафар аёл “аёллар дафтари”га рўйхатга олиниб, кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 235 нафари дафтардан ўчирилди.
Бундан ташқари, 515 нафар оила “темир дафтар”га рўйхатга олиниб, кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида 478 нафари дафтардан чиқарилди. Хусусан, дафтарга олинган оилаларнинг 90 нафари фермер хўжалигига ишга жойлаштирилган. 211 нафари ўзини-ўзи банд қилиш, 84 нафарига такрорий экин экиш учун ер майдонлари ажратиб берилган. Бошқа йўналишларда ҳам уларнинг бандлиги таъминланган.
“Темир дафтар”даги оилаларни ижтимоий ҳимояси мунтазам равишда таъминланиб келинмоқда. Мисол учун, “Юқори” МФЙда яшовчи, 4 нафар вояга етмаган фарзанди бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро М.Ўриновга (турмуш ўртоғи Г.Отахонова) ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 3 хонали уй жой қуриб берилиши таъминланди. Бундан ташқари, “Гулистон” МФЙда яшовчи ёлғиз аёл, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, уй-жойга муҳтож Т.Ҳайитовага ҳам ҳомийлар ҳисобидан 2 хона уй қуриб берилган.

Дафтардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан ўн нафарига 170 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Шунингдек, уч нафар фуқарони ҳар бирига 400 минг сўмдан табиий газдан бўлган қарздорликлари ҳомийлар маблағи ҳисобидан тўлаб берилиши таъминланди.
Булар ҳаммаси эмас. “Мустаҳкам дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 35-умумий ўрта таълим мактабидаги 60 ўринли маънан эскирган ўқув биноси бузиб ташланиб, ўрнига 140 ўринли замонавий типдаги 1,5 млрд. сўмлик қийматдаги мактаб ўқув биноси ҳашар ва ҳомийлик ёрдами ҳисобидан қуриб битказиляпти. Мактабнинг янги биноси сайлов кунлари арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Олиб борилаётган ишларнинг барчаси таг-замирида одамларни рози қилишдек улуғвор мақсад мужассам. Зеро, халқ манфаатлар ҳамма нарсадан устун.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг