Очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда — Президент
Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Қитъамизнинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва озиқ-овқат хавфсизлигининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилмоқда.
«Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда.
Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади», деди Президентимиз ва бу борада янги ёндашувлар:
— озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш;
— ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш;
— Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишни таклиф қилди.
Ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича «Яшил Осиё» концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг