Кўпмиллатли халқимиз азалдан эъзозлаб келаётган гўзал қадриятларимиз ҳамда қардошлик анъаналаримиз Мустақиллик йилларида янада мустаҳкамланди ва қадр топди. 17 миллат вакиллари ҳамжиҳат турмуш кечираётган Нишон туманидаги Талимаржон шаҳарчаси ҳам бугунги кунда таниб бўлмас даражада кўркамлик касб этиб, обод ва гўзал маконга айланди. Дўстлик туташган, миллий анъаналар учрашган манзил сифатида эътироф этиб келинаётган бу манзил Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида жойлашган бўлиб, «Обод шаҳар» дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Шаҳарчанинг Янги 2021 йил арафасида чирой очгани, янада гўзаллашгани бу ҳудудда истиқомат қилаётган 12 минг нафардан зиёд турли миллат вакилларидан иборат юртдошларимизни қувонтирди, мамлакатимиз келажаги ва истиқболига бўлган ишончини янада юксалтирди.

Байрам ва дўстлик тадбирига айланган ҳаяжонли учрашувларда Талимаржон шаҳарчасидаги қайта реконструкция қилинган Маданият саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ҳокими З. Мирзаев, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбари Ў. Муҳаммадиев ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ санъаткорлар иштирок этишди. Тадбир доирасида халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси намойиш этилди ва турли миллат вакилларининг фольклор ансамбллари томонидан қўшиқлар ижро этилди. Ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган 16 нафар фуқарога бепул уй ажратилганлигини тасдиқловчи сертификатларнинг топширилиши уларга байрамона кайфият бағишлади. Таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган маданий дастур йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими воҳанинг энг чекка ҳудудларидан бири саналган Талимаржон бугун таниб бўлмас даражада кўркам қиёфа касб этганлигини алоҳида таъкидлаб, пандемия хавф солган синовли даврда ҳамжиҳатлик, дўстлик ва қардошлик анъаналарини давом эттириб келаётган турли миллат вакилларидан иборат Талимаржон шаҳарчаси аҳлини кириб келаётган Янги 2021 йил билан самимий муборакбод этди.
Бинобарин, 2019 йилда «Обод шаҳар» давлат дастури доирасида бошланган бунёдкорлик ишларининг самараси ўлароқ шаҳарчада бир қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, Давлат хизматлари марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. «Талимаржон барака чевар» тикувчилик корхонаси ҳам шулар жумласига киради Бу тадбиркорлик субъектида айни пайтда 100 га яқин хотин-қиз устоз-шогирд анъаналарига кўра фаолият кўрсатмоқда.

—Чекка ҳудудларда бундай корхоналарни кўпроқ ташкил этилиши оилавий низолар ва аёллар ўртасида содир бўлаётган турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади,-деди Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова. – Кўриб турганингиздек, 100 нафарга яқин хотин-қиз касбига меҳр қўйган, меҳнат қилиб даромад топяпти. Албатта, оила тўкинлиги ва фаровонлигига хизмат қилади. Тўкин оилада эса ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва эътибор туйғулари бардавом бўлади.

Ўз навбатида Талимаржон шаҳарчаси аҳли вакиллари ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун ўзларининг миннатдорлигини билдиришди.
«Обод шаҳар» давлат дастури доирасида шаҳарчада 100 та 2 қаватли аҳоли турар-жойи тўлиқ таъмирланди, 22,1 км газ тармоқлари(трубалар) тартибга келтирилиб, ишлов берилди, 98 та кўп қаватли уйнинг газ қувурлари қайтадан таъмирланиб, газ таъминоти йўлга қўйилди. 35/6 кВтли «Талимаржон» насос станцияси мукаммал таъмирланди, 160 кВтли 1 дона трансформатор пункти ва 9 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари янгидан қурилиб, 2019-2020 йилларда 8800 миллион сўмлик 32 километр ичимлик сув тармоқлари янгиланди. Шаҳарчадаги 34- ва 4- умумтаълим мактаб капитал таъмирланди. 110 ўринли 19-сонли мактабгача таълим муассасасини капитал, 280 ўринли 20-сонли мактабгача таълим муассасасини жорий таъмирланди. Талимаржон шаҳарчасидаги 150 қатновли поликлиникада умумий қиймати 1574,3 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мустақиллик кўчасини таъмирлаш учун 2303 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, ободонлаштириш ва муҳандислик тармоғи қурилиши ҳамда пиёдалар йўлаги қурилишининг умумий қиймати 4030 миллион сўмни ташкил қилди.
Фахриддин Бозоров,
(«Халқ сўзи»)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг