Ободлик кўнгилдан бошланади
Хонадонимизни, ҳовлимизни, кўчаларимизни, ариғу томорқаларимизни саранжом тутиш халқимизга хос одат. Ҳали қуёш ётоғидан бош кўтармасидан кўчаларга сув сепиб, ер юзини очган келинчакларнинг ибратомуз ҳаракатию инсон яшамайдиган уйларни-да озода сақлаш, чанг юқтирмаслик каби анъаналаримизда кўп ҳикмат бор. Энди тасаввур қилинг, уйимиздаги мана шу удум маҳалламизга кўчса нима бўлади? Табиийки, юрт обод бўлади!
Андижон вилоятида бўлиб ўтган «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» дастури доирасидаги зарбдор 90 кунлик тадбирида ҳам маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари ташкил этилди. Жумладан, мавжуд 882 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги жами хонадонларда, кўчаларда, меҳнат жамоалари, қабристон ва зиёратгоҳларда ободонлаштириш ишлари бажарилди. Қолаверса, эҳтиёжманд оилалар холидан ҳам хабар олинди. Натижада 40 минг 724 та оилага моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Улардаги камбағаллик ҳолатига барҳам бериш мақсадида 15 минг 383 нафар юртдошимиз ишга жойлаштирилди.

Рақамлар амалга оширилган хайрли ишлар ифодаси, холос. Муҳими, бу каби эзгу ишлардан энг аввало, юртдошларимиз кўнгли кўтарилди, турмуш тарзи яхшиланди.
— Маҳалла фаоллари кўмагида туманимиздаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирига ишга жойлашдим, — дейди Хўжаобод шаҳрида яшовчи Нилуфархон Мадраҳимова. — Энди мен ҳам топган даромадим эвазига ота-онамга ёрдамлашиш имконига эгаман.
— Ободонлаштириш ишларидан биз ҳам четда қолмадик, — дейди Андижон шаҳрининг А. Фитрат кўчасидаги 123-кўп қаватли уйда яшовчиДилоромхон Сайдалиева. — Амалга оширган ишларимиздан нафақат, кўчамиз, энг аввало, кўнглимиз обод бўлди! Кўнгилда неки эзгу амал бўлса барчаси рўёбга чиқади. Шундай экан, халқимизга хос одатларимизни давом эттириб, фарзандларимизга мерос қолдириш бизнинг бурчимиздир.
Аслини олганда, саранжом-саришталик ҳар биримизнинг кундалик вазифамиз. Бироқ уни кенг кўламда бажариш эзгу амаллар бардавомлигини таъминлайди.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг