Обод қишлоқларга байрамлар ярашгай

16:33 06 Декабрь 2023 Жамият
333 0

Фото: Халқ сўзи

Навбаҳор туманидаги Қоровултепа маҳалласининг қишда лой, ёзда чанг кўчалари, деярли издан чиққан инфратизим, ўзбошимчалик билан қуриб ташланган хўжалик иншоотлари, шаҳарсозлик меъёрларига мутлақо зид иморатлар, шундоққина пахта далаларига туташиб кетган ҳовлиларнинг кўримсизлигидан қишлоқ аҳли хижолат бўларди.

Аслида бу каби манзара вилоятнинг Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон, Учқудуқ туманидаги Қулқудуқ, Томди туманидаги Ўтемурод, Нурота туманидаги Чуя ва ҳудуднинг яна ўнлаб қишлоқларига хос бўлиб, мазкур гўшаларда ободонлаштириш масалалари билан бирга электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти, транспорт қатнови, аҳолига савдо, маиший ва сервис хизмати кўрсатиш тармоқлари ҳамда бошқа бир қатор ҳаётий эҳтиёжларда муаммолар йиллар давомида йиғилиб қолган эди.

Бугун ушбу қишлоқлар обод, аҳолининг димоғи чоғ. “Обод қишлоқ” лойиҳаси дастури доирасидаги тадбирлар натижасида Қоровултепа қишлоғи ҳам улар қаторидан ўрин олди.

— Ушбу дастур доирасида қишлоғимиздаги ички йўлларнинг 3,5 километрига шағал, 4,2 километрига эса асфальт ётқизилди, — дейди маҳалла раиси Ойбек Қудратов. — Шунингдек, пиёдалар йўлаги янгидан барпо этилиб, 38 та йўл ҳаракати белгилари ўрнатилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 45 та темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, 12 та трансформатор таъмирланди, 1,3 километр тармоқ янгидан тортилди.

Қоровултепанинг 3186 нафар аҳолиси 692 хонадондаги 856 оилага бирлашган. Аҳоли газ икки усул, яъни суюлтирилган ва қувурлар орқали етказиб берилади. Газ таъминотидаги муаммоларга барҳам бериш мақсадида дастур асосида аҳолига 38 та янги газ баллонлари етказиб берилди, 671 та аҳоли яшаш хонадонларидаги газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилиб, табиий газ тармоғи тўлиқ реконструкция қилинди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича эса 0,4 километр тармоқ сув қувурлари ётқизилди ҳамда аҳоли хонадонларига сув тармоқлари улаб берилди.

— Дастур доирасида қишлоғимиз аҳолиси тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, унинг натижаларига кўра касаллик аниқланган фуқароларга йўлланмалар берилди, — дейди Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Охунбобоев” оилавий шифокорлик пункти мудираси С. Хўжаева. — Тиббиёт бирлашмамиз томонидан 251 нафар беморга бепул дори-дармон тарқатилди.

Қишлоқни ободонлаштиришда маҳалланинг тадбиркор ва фермерлари ҳам четда тургани йўқ. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти бўлинмаси ташаббускорлигида улар қишлоқ кўчаларига қуёш панелли ёритгичлар ўрнатиб, 33 нафар эҳтиёжманд оиланинг яшаш хонадонлари таъмирлашга кўмаклашдилар.

“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида мутлақо янги қиёфа касб этган Қоровултепада Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги маҳалланинг янги биноси очилиши тантаналарига уланиб кетди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда маҳаллада олиб борилган бунёдкорлик ва жамоат ишларида фаоллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан бир гуруҳ фаолларга Кўкрак нишонлари ва ташаккурномалари топширилди.

— Ободлик аввало ҳар кўнгилдан бошланиб, хонадон ва кўчаларда ўз аксини топади, — дейди меҳнат фахрийси Бахтиёр Икромов. — Ҳеч муболағасиз, маҳалладошларимиз кўнглига, бугун ободлик билан бирга файзу барака кириб келди. “Шу уй, шу кўча, шу маҳалла меники, унинг ободлиги учун мен масъулман”, деган эзгу ғоя кенг қулоч ёзмоқда ва буни қишлоқдошларимиз кайфиятидан ҳам англаш қийин эмас. Буларнинг бари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини таъминлашга доир изчил ислоҳотлар самарасидир.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер