Нуробод туманида янги ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди

17:13 06 Декабрь 2023 Жамият
198 0

Фото: “Халқ сўзи”

Нуробод туманида Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 31 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган қатор янги ижтимоий соҳа объектлари ҳам байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Жумладан, тумандаги “Чорвадор” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни энг халқчил тузилмага айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини биноси намунавий лойиҳалар асосида 465 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилган бўлиб, бинода барча шароитлар яратилган. Жумладан, зарурий мебель, компьютер жамланмалари ва бошқа воситалар билан таъминланган.

Тумандаги Ағрон оилавий шифокорлик пунктида ҳам янги бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ағрон ОШП туман марказидан 45 километр олисда жойлашган бўлиб, Ағрон ва Навбаҳор маҳаллаларидаги 6140 нафар фуқарога бирламчи тиббий санитария йўналишида хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифо масканининг эски биноси 1992-йилда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Янги бино эса замонавий лойиҳа асосида 1 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилди ва унда барча қулайликлар яратилди.

Туманнинг Ўртабўз маҳалласида жойлашган 28-умумтаълим мактабида эса 180 ўринли қўшимча янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу мактабнинг эски биноси 320 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўқувчи сонининг кўплиги боис дарслар икки сменада ўтилса ҳам хоналар етишмасди. Янги бинонинг қурилиши бу каби муаммоларга барҳам берди.

— Таълимга кўрсатилаётган бундай эътибордан халқимиз ҳам ўқувчиларимиз ва ўқитувчиларимиз ҳам мамнун, — дейди 28-умумтаълим мактаби директори Мухтор Эсонов. — Яратилган шароитлардан фойдаланиб, жамоамиз билан келгусида ёшларга янада кенгроқ билим беришга ва давлатимиз раҳбарининг бизга билдираётган ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Нуробод туманининг “Гирдиқўрғон” маҳалласида бугунги кунда мактабгача таълим ёшидаги 3-7 ёшли болалар сони 430 нафарни ташкил қилади. Маҳаллада янги ташкил этилган 27-давлат мактабгача таълим ташкилотининг иш бошлаши ҳам барча учун байрамга муносиб совға бўлди.

Маҳаллада 4 миллиард 690 миллион сўм Республика бюджети маблағлари ҳисобидан замонавий 90 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотининг биноси қуриб битказилди.

Туманнинг “Булоқбоши” маҳалласида ҳам янги ташкил этилган замонавий 28-давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 1 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, мактабгача таълим ёшидаги 3-7 ёшли болалар сони 151 нафарни ташкил қилади.

Маҳаллада қуриб битказилган 90 ўринли замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти биносига республика бюджети ҳисобидан 4 миллиард 690 миллион сўм маблағ сарфланди.

Янги ташкил этилган давлат мактабгача таълим ташкилотлари замонавий мебеллар, ўқув-услубий, дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар билан ҳам тўлиқ жиҳозланган.

Яна бир аҳамиятли жиҳати мазкур мактабгача таълим ташкилотларининг ҳар бирида 20 тадан 40 янги иш ўринлари яратилди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер