Ноёб қушлар чўл ҳудудларига қўйиб юборилди
Йўрға тувалоқ — Қизилқум чўли жониворлар олами биологик хилма- хиллигининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда уларни асраш, кўпайтириш борасида Навоий вилоятида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилиб, ҳамкорлик доирасининг географияси кенгайтирилди.
Чунончи, Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг биологик хилма-хиллик ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар бўлими инспекторлари ҳамда “Falcon Hunting Salutions” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳамкорликда бу ноёб қушлар кўпайтирилиб, ҳар йили чўл ҳудудларига учирилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби” ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) “Қизил рўйхат”ига киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ушбу қушдан яна 1100 боши Қизилқум кенгликларига қўйиб юборилди.
— Йўрға тувалоқлар қушларни парваришлаш марказида шунчаки боқилмасдан, ўзларига озуқа топиш, йиртқичларни таниш ва улардан яшириниш кўникмаларига ҳам эга бўлади, — дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот котиби Зубайда Душанова. — Албатта, бу лойиҳа самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг