Нотариат соҳасида халқаро анжуман

23:26 10 Сентябр 2024 Жамият
358 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида Халқаро нотариуслар иттифоқи Осиё ишлари бўйича комиссиясининг 14-Ялпи йиғилиши ўтказилди. Унда 30 дан зиёд давлатлар нотариат тизимларидан 300 нафар вакиллар иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси, Халқаро нотариуслар иттифоқи Осиё ишлари бўйича комиссияси президенти Дилшод Ашуров ҳамда Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти Лионел Галлиез сўзга чиқди.

— Осиё иқтисодий тараққий этиб бораётган ҳудуд ҳисобланади, — деди Л.Галлиез. — Давлатлар ривожлангани сайин нотариус касби ҳам такомиллашиб боради. Бундай вазиятда нотариал тизимларнинг бирлашиши, рақамлаштиришнинг аҳамияти катта. Шунингдек, нотариат тизимлари ҳужжатларнинг махфийлиги, мурожаатчиларнинг шахсий маълумотлари сақланиши, қоғоздаги, электрон нотариал ҳаракатларнинг ҳақиқийлиги ҳам муҳим.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда нотариат соҳасидаги ислоҳотлар, авваламбор, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Нотариал палатаси 2021 йил 3 декабрда Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзоси сифатида қабул қилинди.

Юртимизда нотариат соҳаси нафақат хорижий тажриба асосида такомиллашмоқда, балки кўплаб давлатлар учун андоза олиш мумкин бўлган намунали тизим сифатида шаклланди.

Осиё ишлари бўйича комиссиянинг 14-Ялпи йиғилишида иш режанинг ижроси, 2024 йил учун молиявий ҳисобот, Осиё минтақасидан давлатларни Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзоликка қабул қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш кун тартибига киритилган «Нотариат соҳасини рақамлаштиришни такомиллаштиришда хорижий амалиётлар» мавзуси юзасидан маърузалар тингланди.

Шунингдек, йиғилишда Осиё ишлари бўйича комиссиянинг 2025 йил учун президентлигига Мўғулистон нотариал палатаси президенти Баянджаргал Чандрабаал сайланди.

Анжуман якунида Б.Чандрабаал сўзга чиқди ва келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Номзодини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирди.

11 сентябрда «Меросни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Бунда меросни расмийлаштириш бўйича халқаро тажриба ўрганилади. Мавжуд муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер