Норвегия 29 майдан бошлаб россиялик сайёҳларнинг мамлакатга киришини тақиқламоқда

13:38 23 Май 2024 Дунё
562 0

Иллюстратив фото

Норвегия Россия фуқароларининг киришига қўшимча чекловлар киритди. Шу йилнинг 29 майидан бошлаб мазкур Скандинавия мамлакатига сайёҳлик ёки «муҳим бўлмаган» мақсадларда келаётган россияликларга кириш тақиқланади. Яқин қариндошларини зиёрат қилиш ёки Норвегия ёки Шенген ҳудудида ишлаш ва ўқиш мақсадида саёҳат қилган Россия фуқаролари учун бу тартиб истисно бўлиши мумкин.

Норвегия ҳукуматининг пресс-релизида қайд этилишича, чеклов Норвегия томонидан 2022 йил баҳоригача берилган визага эга бўлганларга ҳам, бошқа Шенген мамлакатлари томонидан берилган визага эга фуқароларга ҳам тегишли.

Норвегия Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий амалиёти ортидан мамлакатга русларнинг киришини чеклаб қўйди ва туристик визалар беришни деярли тўхтатди.

Аввалроқ, Норвегия полицияси хавфсизлик хизмати Ғарбий Норвегия бўлими бошлиғи Торгилс Лутро маҳаллий NRK телеканалига берган интервьюсида минтақада россиялик разведка ходимлари ишлаётганини маълум қилганди. Унинг фикрича, Россия муҳим инфратузилмага қарши саботаж тайёрлаётган бўлиши мумкин.

Ғарбий Норвегияда Шимолий Европанинг энг йирик денгиз базаси Ҳаконсверн, шунингдек, муҳим нефть ва газ объектлари, электр станциялари ва бошқа электр энергияси билан боғлиқ объектлар жойлашган.

«Биз Россиянинг баъзи ниятлари қўпорувчилик актларини тайёрлаш бўлиши мумкинлигини кўряпмиз. Улар бутун ҳудуд бўйлаб ҳаракатланмоқда», — дейди Лутро.

Шу ўринда Норвегия полицияси хавфсизлик хизмати бир неча рус агентларини фош қилганини даъво қилмоқда. Аммо уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот берилмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер