Ноқонуний хатти-ҳаракатларга барҳам берилмоқда

05:32 31 Март 2023 Жамият
593 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бугун Ер юзининг аксарият ҳудудларида тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж муаммолигича қолмоқда. Мутахассисларнинг маълум қилишларича, келгуси 50 йил давомида бу масала ўз долзарблигини йўқотмайди. Бу эса сувдан унумли фойдаланиш, беҳуда сарфламасликни талаб этади. Мамлакатимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан сувни тежаш, ундан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши назорат тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

— Андижон шаҳрида бўлиб ўтган тадбир давомида 80 та автомобилларни ювиш шохобчаларида сувдан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинди, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ Андижон шаҳар филиали раҳбари Хусанбой Обиджонов. — Натижада 67 та масканларда артезиан суви ўрнига тоза ичимлик сувидан фойдаланилаётганлиги аниқланди. Шунингдек, 4 та ҳолатда ноқонуний хатти-ҳаракатлар қайд этилди. Ҳозиргача жами 67 та шохобчалар тоза ичимлик сувидан фойдаланаётганлиги сабабли тармоқдан узилди. Тадбир давомида, шунингдек, мавзуга доир тарғибот ишлари ҳам олиб бориляпти.

Бугунги кунда Андижон вилоятида жами 459 та автомобилларни ювиш шохобчаси мавжуд бўлиб, уларнинг 296 таси артезиан сувидан фойдаланиши керак бўлгани ҳолда, амалда 190 таси ноқонуний равишда тоза ичимлик суви тармоғига уланган. Салбий хатти-ҳаракат содир этган шохобча масъуллари жамият томонидан огоҳлантирилиб, сувдан амалдаги тартиб бўйича фойдаланиши назоратга олинди. Бу каби тартиблар истеъмолчиларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш билан бир қаторда аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер