Нодирбек ТИЛАВОЛДИЕВ: Карантиндан қочиб қаерга борамиз?
Коронавирус пандемияси бутун дунё ҳамжамиятини ларзага солишда давом этмоқда. Бугунги кунда барча давлат ва ҳукумат раҳбарларининг кун тартибидаги асосий вазифа пандемияга қарши самарали курашни ташкил этиш орқали унинг кенг тарқалиши олдини олиш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх-навони барқарор ушлаб туриш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни ва иқтисодиётимизнинг қон томири бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш этиб белгиланган.
Ушбу балога қарши курашиш фақатгина Президент ва ҳукуматнинг вазифаси, касаллик мени ва менинг оиламни четлаб ўтади, деб фикрлайдиганлар қаттиқ янглишади. Ягона ва энг тўғри йўл ҳукумат, ҳар бир фуқаро, тадбиркорлик субъектлари ва жамоатчиликнинг бир тану бир жон бўлиб, ушбу касалликка қарши мардонавор курашишидир. Қатъий интизом, масъулият, сабр-тоқат, жипслик ва фидойилик билан хитойликлар ушбу балони енгиш мумкинлигини амалда исботлаб берди. Сингапур, Жанубий Корея ва Япония халқининг ҳам метин иродаси, гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, ҳукумат томонидан қабул қилинган қонун ва талабларга ҳурмат, итоаткорлик мазкур давлатларда пандемияни жиловлаш имконини берди.
Афсуски, одамларнинг тиббий чораларга масъулиятсизлиги ва ҳукумат томонидан пандемияга қарши курашиш ишларининг тўғри ташкил этилмагани оқибатида дунёнинг мана ман деган энг ривожланган давлатларда ҳам аянчли ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз.
Муҳтарам Президентимиз томонидан эпидемиологик вазиятни жиловлаш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча чора- тадбирлар амалга оширилмоқда. Охирги бир ойда Президентимизнинг пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш ва барча аҳоли қатламларини муҳофаза қилишга қаратилган, кенг қамровли 3 та Фармони, бир нечта қарори қабул қилинди.
Хўш, биз фуқаролар Президентнинг, ҳукуматнинг жон куйдириб, қилаётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, муносиб ҳисса қўша оляпмизми?
Минг афсуски, олиб борилаётган тушунтириш ва огоҳлантириш ишларига қарамай, баъзи бир фуқаролар томонидан вируснинг қанчалик хавфли эканини тушуниб етмаяпти, коронавирусга қарши курашиш комиссия қарор ва талабларга масъулиятсизлик билан ёндашмоқда. Карантин қоидаларини бузиш, карантинда сақланаётган ҳудуддан қочиб кетиш, оммавий тадбир ўтказилишини ҳали ҳам давом этишини қандай изоҳлаш мумкин?
Баъзи ҳолларда одамларнинг, жамият аъзоларининг ҳам бир-бирларига бўлган муносабати кишини ўйлантириб қўймоқда. Бундай мураккаб вазиятда бир-бирига тасалли бериш ўрнига, кўнгилни хира қиладиган ишлар қилинмоқда. Афсуски, фуқароларимиз карантин сўзи моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаяпти. Карантинда сақланаётган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига “вируслар” деб ном қўйиб, маҳалла-кўйда уларнинг обрўсига путур етказиб, ножўя гаплар тарқатиш ҳолатлари ҳам учраб турмоқда. Ваҳоланки, бугунги кунда касаллик тарқалишини олдини олиш учун 100 мингдан ортиқ фуқаро карантинга олинган. Фуқароларимиз карантинга олиниш бу инсон касалланган деган маънони англатмаслигини, фақатгина эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида муайян муддатга изоляция қилиш ҳолати эканини яхши тушуниб етишимиз керак.
Шу ўринда баъзи бир карантинда сақланаётган ношукур фуқаролар уларга давлатимиз томонидан барча шароитлар аъло даражада яратиб берилганига қарамасдан, ноҳақ карантинга олинганликларини важ қилиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига қўпол муносабатда бўлишмоқда.
Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида касаллиги аниқланмасдан туриб, нотўғри маълумот тарқатиб, инсонларнинг обрў ва шаънига путур етказувчи ғаламис кимсалар бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонлари ҳисобланмиш шифокорларни ҳақорат қилувчи ношукур фуқароларни инсофга чақириб қоламан. Юқоридаги ҳолатлар содир этилиши кўпайган тақдирда, бундай фуқароларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман.
Мана, мен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатиман. Пойтахтдан вилоятга келишимиз чоғида самолётда биз билан учиб келган йўловчилардан бирида коронавирус борлиги гумон қилиниб, карантинга олинди. Табиийки, ўша йўловчи билан бирга, бизни — бошқа йўловчиларни ҳам карантинга олишди. Мана, ўн беш кун карантинда бўлдик биз ҳам. Шукрки, ҳеч қандай вирус аниқланмади, хавф-хатар ўткинчи бўлиб чиқди.
Лекин карантин қоидаларини бузмадик, нима талаб қилинса, бўйсундик, аввало, буларнинг барчаси ўзимизнинг соғлиғимиз, хавфсизлигимиз учун эканини онгли равишда англаб турдик.
Ахир инсон карантиндан қочиб, қаерга боради?
Муқаддас динимизда барча яхшилик ва ёмонликлар Оллоҳ хоҳиши билан амалга ошиши айтиб ўтилган. Албатта, бугунги қийин ва синовли кунлар ортда қолади. Шундай мураккаб вазиятда қилган яхши амалларимиз, меҳримиз ва саховатимиз тарихда қолади.
Нодирбек ТИЛАВОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг