Ниқоб тақиш бекор бўлгани йўқ!

17:59 16 Декабрь 2020 Жамият
1022 0

Коронавирус пандемияси ҳали тугагани йўқ. Касалликнинг тарқалиши кундан кун ортиб боряпти.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича аҳолида касалланиш 73 миллиондан ошиб, ўлим ҳолати 1 миллион 700 мингга яқинлашмоқда. Жумладан, АҚШда касалланганлар сони 17 миллиондан ортиқ, шундан ўлим ҳолати 311073 нафарга етди. Ҳиндистонда касалланганлар сони 1 миллионга яқинлашиб қолди, шундан ўлим ҳолати 144130 нафарга етди.

Бизга яқин бўлган Россияда эса касалланиш ҳолати 3 миллионга, ўлим ҳолати эса 50 минг нафарга яқинлашиб қолди.

Шу дақиқаларда бу рақамлар бундан ҳам ортиб кетган бўлиши мумкин.

Қанча изланишлар олиб борилишига қарамай ҳалигача касалликка қарши курашнинг тўлиқ кафолат берадиган воситаси топилмади. Бироқ барча мутахассис ва экспертлар тиббий ниқобларни тақиб юришгина бунда самарали восита эканлигини билдиришмоқда ва айнан тиббий ниқобда бўлган ҳудудлар аҳолиси ўртасида касаллик тарқалишининг кўрсаткичи паст.

Ўз ўрнида Ўзбекистонда ҳам касалликка қарши кураш бўйича чоралар кўрилиб, касаллик тарқалишини жиловлашда маълум ўзгаришлар бўлаётганлигини кўриб турибмиз. Аммо бу хотиржамликка берилиш учун асос эмас.

Битта ниқоб тақмаганлиги учун турли тортишувларга сабаб бўлинган вақтларда биз фуқароларни оқладик, айрим ҳоллар эса масъул идораларни. Аммо бир нарса аниқ – тиббий ниқоб тақиб юришнинг мажбурийлиги бекор қилингани йўқ!

Бироқ шу кунларда кўп жойларда бу тартибга риоя этилмаётгани, фуқаролар ҳам масъул идоралар ҳам ниқоб тақиш масаласида «бўшлик» қилаётганини кўриб турибмиз.

Ҳатто айрим кўзга кўринган шахсларнинг уюштираётган турли хайрия тадбирларида ҳам ниқобсиз ҳолда юргани ва буни очиқчасига ижтимоий тармоқлар орқали омма эътиборига ҳавола этаётгани ташвишли ҳол.

Тўғри... тадбир қилиш мумкин, бироқ ижтимоий масофани сақлаш, заруратга қарабгина ниқобни ечиб, қайта тақиш зарурлиги касалликдан сақланишда ҳозирча ягона кафолат эканлигини унутмаслик керак.

Шу билан бирга «ниқоб» тартибига риоя этмаганлик ҳолатлари бўйича назоратни кучайтириш, салбий намуна бўлаётганларга нисбатан чоралар кўриш амалиёти тўхтамаслиги шарт. Масъул идораларнинг бундай «бўш»лигини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Мамлакатимиз остонасига тобора яқинлашиб келаётган касалликнинг навбатдаги тўлқини қандай асоратлар билан ўтишини билмаймиз. Эртага оқибатлар учун халқимиз айнан масъуллардан изоҳ талаб қилади, эътирозларини билдиради.

Хуллас кўзларни каттароқ очайлик!

Расул Кушербаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер