Андижонда денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган илк сиҳатгоҳ фойдаланишга топширилди
Андижон вилояти ҳудудида денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган “Хонобод” сиҳатгоҳи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири хабар бермоқда.
Мазкур сиҳатгоҳ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли топшириқларига асосан, жуда қисқа фурсатларда барпо этилди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 800 нафардан ортиқ ишчи-ходим ҳам мутахассислар жалб этилгани, керакли материаллар ўз вақтида етказиб берилгани туфайли вилоятда кўркам мажмуа қад ростлади. Барча ташкилий чора-тадбирлар “GM Uzbekistan” томонидан амалга оширилди.
Сиҳатгоҳнинг умумий майдони 10,5 гектардан иборат. Бу ерда мароқли ҳордиқ чиқариш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Хусусан, замонавий спорт майдонлари, сув ҳавзалари, интернет тизими, болалар майдончалари дам олувчилар ихтиёрида.
Энг сўнгги замонавий тиббиёт ускуналар билан жиҳозланган муассаса юқори ва қуйи нафас органлари, ҳаракат-таянч, асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослаштирилган. Бу ерда 130 дан ортиқ малакали ходим меҳнат қилаётган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафар киши соғлиғини тиклаш имконияти мавжуд.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг