​Немис сармоядорларининг Ўзбекистонга қизиқиши нима сабабдан кескин ортди?

20:23 20 Январь 2019 Жамият
1762 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати.

Германия оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда кузатилаётган янгиланишлар ҳақида кўплаб телелавҳалар, радиоэшиттиришлар, таҳлилий мақолалар берилмоқда.

Жумладан, “Deutsche Welle” радиостанцияси “Ўзбекистонда амалга оширилган бозор ислоҳотлари мамлакатнинг немис сармоядорлари учун жозибадорлигини таъминлади”, деб ёзади.

“ГФР ишбилармон доираларининг сўзларига қараганда, Шавкат Мирзиёев 2016 йили Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланиб, кенг кўламли ислоҳотлар бошлагандан сўнг немис инвесторларининг мамлакатга қизиқиши кескин ортди... Жаҳон банки Ўзбекистонни энг фаол ислоҳотлар олиб бораётган давлатлардан бири сифатида эътироф этмоқда”.

Журналистларнинг таъкидлашича, Германиянинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани икки мамлакат товар айирбошлаш ҳажмининг жадал ўсаётганида ҳам намоён бўляпти. Экспорт ҳам, импорт ҳам изчил суръатларда ошаётир.

“...Ўзбекистон катта салоҳиятга эга, — дейди “Deutsche Welle”. — Республика аҳоли сони бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаб, тараққий топган саноатга, бой табиий ресурслар ҳамда малакали ишчи кучига эга. Мамлакатда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналарда имтиёзли солиқ ва божхона тартиби ўрнатилган”.

“Nordkurier” газетасида чоп этилган мақолада республикамиз сўнгги вақтда германиялик сайёҳлар учун ниҳоятда қизиқарли ва жозибадор ўлкага айланиб бораётгани эътироф этилади. Яқинда давлат раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзолангани мамлакатда сайёҳлик соҳасида олиб борилаётган ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистонда туризм жабҳасида салмоқли ўзгаришларни кўзда тутади. Жумладан, виза тартиби янада енгиллаштирилаётир, сайёҳлар ва тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратилмоқда, кўплаб чеклов ҳамда тақиқлар бекор қилиняпти.

Немис шарҳловчилари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонга саёҳат мақсадида ташриф буюрувчи Германия фуқаролари учун 30 кунга визасиз режим жорий этилишини “икки томонлама муносабатларда фундаментал бурилиш ясайдиган” қарорлардан бири сифатида қайд этади. Натижада немис давлатидан Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар оқими кескин ортиши кутилмоқда. Бу пировардида ўзбек иқтисодиётининг ривожланишига, сайёҳлик инфратузилмаси такомиллашиши ҳамда хизматлар сони ва сифати юксалишига асос бўлади.

Ўз навбатида, “Westfаlische Nachrichten” газетаси Ўзбекистондаги ислоҳотлар “ортга қайтмас” хусусиятга эгалигини алоҳида таъкидлайди. Республика эркин бозор иқтисодиёти ҳамда ҳуқуқий давлат тамойиллари тарафдори эканлигини амалда намоён қилмоқда. Виза тартибининг соддалаштирилиши, солиқ, божхона ва молия тизими либераллашуви, ерга мулк шаклининг жорий қилиниши, кўплаб чекловларнинг бартараф этилиши — буларнинг барчаси мамлакат узоқ муддатга мўлжалланган ислоҳотларни бошлаганини кўрсатмоқда.

Шарҳловчиларнинг фикрича, қисқа муддатда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш, чет эллик ҳамкорлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш бўйича катта ютуқларга эришди. Эндиликда республика барқарор иқтисодий ўсиш даврини бошлаб, амалга оширилган ислоҳотлар ўз маҳсулини бераётир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер