Нега МТМлар фаолиятида сусткашлик мавжуд?
Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг хусусий боғчалар мудиралари, давлат ва хусусий сектор шерикчилигида ташкил этилган МТМлар раҳбар ва мутасаддилари иштирокида ўтказган яна бир тадбири тегишли соҳадагилар томонидан ҳали кўп вақ эслаб юрилади. Чунки унда бугунги пандемия шароитидаги амал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар бирма-бир таҳлил қилинди.

— Мактабгача таълим муассасаларидаги ишлар тизимли йўлга қўйилмаган, – дейди Рустам Холматов. — 22 та туман ва шаҳарда фаолият олиб бораётган боғчалардан бирортасини ҳам ўрнак қилиб кўрсата олмаймиз! Айниқса, бу борада Чиноз ва Бўка туманларидаги ишлар ачинарлидир!
Йиғилишда таъкидланишича, 2018-2019 йилларда Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари барпо этиш учун жами 32 та лойиҳа молиялаштирилиши кўзда тутилганди. Бироқ, шу кунгача 20та бинода қурилиш ишлари тугалланган. Иккита боғча биноси яқин орада фойдаланишга топширилади. Қолган 10 та муассасада айрим сабабларга кўра банк кредити бериш тўхтатилган.
Улардан бири, Юқори Чирчиқ туманидаги «Ийк Ота» МФЙда жойлашган “Norboyeva Sevara Abdunazarovna” нодавлат таълим ташкилоти бўлиб, банк томонидан тегишли маблағ ажратиш муддати кечиктирилгани боис, қурилиш жараёни 87 фоизга бажарилган.
Вилоят раҳбари ўтказган тадбирда яна би ҳолат очиқланди.

Ҳозирда ҳудуддаги мавжуд 218 минг 888 нафар мактабгача таълим ёшидаги кичкинтойнинг 114 минг 537 нафари ёки 52,3 фоизи илк таълим муассасаларига жалб этилмаган. Сабаби жойларда етарли шароит йўқ! Бу иш билан мунтазам шуғулланувчи ташкилот йўқ!
Ана шундай ошкора таҳлиллар жараёнида, МТМлар олиши лозим бўлган 1 фоизли, имтиёзли кредитлардан мақсадли фойдаланишга ҳам жиддий эътибор қаратилди.
Тошкент вилоят ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабарига кўра, тегишли мутасаддиларга ҳалигача фойдаланишга топширилмаган 32 та лойиҳа юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
—Шаҳар ва туманлардаги боғчаларга жиддий эътибор қаратилади. Кичкинтойларни севимли масканларга жалб этиш ҳудудлардаги карантин чекловлари тартиб-қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда бажарилади, — дея, фикрини давом эттирди вилоят раҳбари.
Бугунги кунда вилоятдаги 131 та МФЙда кичкинтойлар учун севимли масканлар бунёд этиш лозим. Ана шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, жорий йил охиригача аҳолига, давлат-хусусий шерикчилигида 138 та, хусусий ҳолатда эса 28 та нодавлат МТМ қуриб бериш белгиланган. Бу вазифаларнинг қандай уддаланишини 2020 йил якуни кўрсатади.
Вилоятдаги МТМлар фаолиятига фақатгина республика комиссиясининг хулосасига кўра, сариқ ва кўк чизиқлар тортилган ҳудудларда рухсат берилади.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
"Халқ сўзи"
Нозим Абдулло олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг