«NazzAR» инновацион стартап лойиҳасининг илк электрон музейи Жиззах шаҳрида ўрнатилди
Жиззах шаҳаридаги «Шодлик» МФЙ ҳудудидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабига «NazzAR» инновацион стартап лойиҳасининг илк электрон музейи ўрнатилди.
Шу муносабат билан маҳаллага SmartChain IT компанияси директори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг рақамлаштириш ва ахборот технологиялари бўйича вазир маслаҳатчиси Бобур Раҳимов ташриф буюриб, ёшларга «NazzAR» инновацион стартап лойиҳаси ва унинг аҳамияти ҳақида тушунтириб берди. Жиззах вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Мансур Мусаев Жиззах вилоятидаги инновацион муҳит, ёшлар орасида стартап лойиҳаларни ҳар томонлама такомиллаштириш ва янада ривожлантириш стратегияси тўғрисида, вилоят «Келажак лидерлари» клуби вице-президенти ташаббус ҳамкори Отабек Мусурмонов клуб томонидан амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар ҳақида ёшларга батафсил маълумот бериб ўтди.
Тадбирнинг энг қизиқарли томони шунда бўлдики, SmartChain IT компанияси директори Бобур Раҳимов «NazzAR» стартап лойиҳасининг электрон музейини мактабимизга совға қилди. Ҳозирда технологиялар шунчалик тез ўзгаряпти. Айнан шунинг учун ҳам дунёдаги барча ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ахборот технологиялари соҳасига катта эътибор қаратмоқда.
«NazzAR» стартап лойиҳаси ҳар қандай моддий воситага кенгайтирилган ҳақиқат элементларини бирлаштириши мумкин бўлган инновацион дастур ҳисобланади.
Смартфон орқали «NazzAR» белгисига йўналтирилганда мобил қурилма экранида реал объектларнинг 3 D шакллари, видео роликлари, фото суратлар жонланади. Юртимизда бугунги кунда «NazzAR» мобил иловасининг имкониятлари туризм соҳасида, айниқса музейларда кенг қўлланилмоқда. Хусусан, Самарқанддаги «Гўри Амир», «Бибихоним» мақбаралари, Улуғбек расадхонаси, «Афросиёб» музейи, Регистон майдони, Хивадаги «Ичан қалъа», Бухорода «Арк» ва «Моҳи хосса» тарихий маданий мерос объектлари, Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи Давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Абдулла Қаҳҳор, Сергей Бородин, Мухтор Ашрафий уй-музейлари ва бошқа тарихий масканларда мазкур мобил илова орқали экспонатлар ҳақидаги маълумотларни янада қизиқарли шаклда сайёҳларга етказиш имконияти яратилган.
Ҳа, илмнинг даражаси шу қадар улуғки, уни қўллаб-қувватлаганлар, унга ҳомийлик қилганлар ҳар доим халқ ардоғида бўлади. Шу сабабдан ҳар биримиз таълимнинг ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Абдулазиз ХУЖАКОВ, Жиззах шаҳридаги «Шодлик» МФЙ ҳоким ёрдамчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг