Нажот – мактабда, нажот – таълимда, нажот – билимда
Фото: Халқ сўзи
Яқинда Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 8 та умумтаълим мактаби битирувчи синф ўқувчилари ўртасида Қўқон университети ташаббуси билан сўровнома ўтказилди. Унда ўқувчи-ёшлар ўз келажагини қандай тасаввур этишини, олдида турган мақсадларини баён этди. Натижага кўра, ҳар тўрт битирувчидан биттаси олий таълимда ўқишни давом эттириш нияти борлигини, айримлари ҳали кириш имтиҳонларига бирор фандан тайёргарлик кўришни бошламагани, қайси йўналишга топширишни ўйлаб ҳам кўрмаганлигини билдирди. Ўқувчи-қизларнинг аксарияти эса тикувчилик ёки бошқа бирор ҳунар ўрганиш ниятлари борлигини маълум қилди.
— Университетимизнинг тажрибали ўқитувчилари, Қўқон шаҳар прокуратураси, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими масъулларидан иборат тарғибот гуруҳи битирувчи-ўқувчилар билан мулоқотлар ўтказиб келмоқда,-дейди Қўқон университети ахборот хизмати раҳбари Мухтасар Исақова. — Режа-жадвал асосида апрель ойида яна 41 та умумтаълим мактабидаги 2868 нафар битирувчи-ўқувчилар билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларнинг мақсад-муддаоларини билиш ва кўмаклашиш кўзда тутиляпти.
Шу билан бир қаторда Қўқон университети томонидан шаҳардаги мактабларда «Нажот - мактабда, нажот - таълимда, нажот — билимда» шиори остида таълим марафони ташкил этилмоқда. Марафонда бугунги мураккаб замонда мамлакат ва жамият тараққиётига фақат илм-фан орқали эришиш мумкинлиги, ҳар бир юрт ўз тақдирини юксак билимли, замонавий дунёқарашга эга ёшлар тимсолида кўриши ҳаётий мисоллар билан ўқувчиларга чуқур тушунтирилмоқда. Мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамров даражасини ошириш заруратининг моҳияти ва аҳамиятига алоҳида урғу берилмоқда.

— Қўқон шаҳрида ёшларнинг олий таълимга қамров даражаси қониқарли эмас, шунга кўра таълим марафони орқали бу борадаги кўрсаткични 25-30 фоизгача кўтариш мақсад қилинди, - дейди Қўқон шаҳар прокурори Улуғбек Ҳамдамов. - Бинобарин, олий таълим биринчи навбатда ёшларга келгусида ўз севган касблари билан шуғулланишлари учун керак.
— Бир тонна олма етиштирилса, бир ярим минг доллар даромад бўлади, сўнгги русумдаги битта iPhon телефони нархи ҳам шундай... Бир тонна олма етиштириш афзалми ёки телефон ишлаб чиқаришми? Ўқувчи-ёшлар билан мулоқотларда мана шундай мисоллар орқали кенг тушунча берилмоқда, — дейди таълим марафони спикери, Қўқон университетининг Маркетинг ва PR департаменти бошлиғи Қобилжон Исаев. — Қолаверса, ўғил-қизлар ўз келажагини белгилашда ота-оналари ёки учинчи шахслар фикрига таяниб қолиш керак эмаслиги таъкидланмоқда. Айрим битирувчилар ўқишга кириш ниятидан воз кечганларига контракт тўлов суммаси юқорилиги ёки бошқа сабабларни рўкач қилишаётир. Аммо контракт тўлови — бу асосий муаммо эмас. Аввало, ўқишга кириш учун билим олиш босқичидан ўтиш зарур.
Яна бир муҳим масала. Қўқон университети Қўқон шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликка қўл урган ва жиноятчиликка мойиллиги бор ўқувчи-ёшлар билан тўрт босқичли профилактик тадбирларни амалга оширмоқда. Шу орқали ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ўқувчи-ёшларда билим олиш, келажагига бугун мустаҳкам пойдевор қўйиш кераклигига ишонч ва рағбат уйғотиляпти.
Прокуратура секторида жойлашган маҳаллалардаги уюшмаган, вақтинча ишсиз ёшлар учун Қўқон университетида бепул ўқув курслари ташкил этиляпти. Шу кунгача 100 нафарга яқин ана шундай ёшлар компьютер технологиялари ва инглиз тили саводхонлиги курсларида ўқитилди. Касб танлашлари ва фойдали меҳнат билан банд бўлишларига кўмаклашилди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг