Навоийга эҳтиром

11:33 09 Февраль 2021 Жамият
1528 0

Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда. Мана бир неча кундирки, таълим даргоҳларидан тортиб, барча ташкилот ва муассасаларда ҳам Навоийхонлик кечалари ташкил этиб келиняпти.

Бугун ҳам Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номи билан аталувчи марказий истироҳат боғи эрта тонгдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчилар, шоирлар, профессор-ўқитувчилар, талаба ва ўқувчилар билан гавжум бўлди.

Буюк мутафаккир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан боғ марказида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали пойида тадбир ўтказилди. Унда буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, бой маданий мероси ва бугунги кундаги қадр-қиммати хусусида фикр юритилди.

Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди. Турли тилларда ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.

Вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан Навоий сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий сиймосига эҳтиром сифатида унинг маҳобатли ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.

Санага бағишланган тадбирлар Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида концерт дастури ва мушоира кечаси билан давом этди.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер