Навоийда сувдан фойдаланишда 355 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Фото: "Халқ сўзи"
Экспертларнинг фикрича, бугун Ер юзида кечаётган сув танқислиги жаҳон сиёсий майдонида газ ва нефть учун курашни ортда қолдириши мумкин. Дунё сув захираларининг бор-йўғи икки фоизини ташкил этувчи ва кун сайин тобора ифлосланаётган чучук сув йил сайин кўпайиб бораётган инсоният эҳтиёжини таъминлай олмаслиги ҳам бор гап. Айниқса, минтақамизда сув тақчиллиги йил қурғоқчил келган кезлари яққол сезилмоқда.
Мана шундай шароитда юртимизда сувдан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида суғоришда тежамкор инновацион усулларни кенг қўллаш ҳаётий заруратдир. Афсуски, барча жойда ҳам бу заруратни англаб етиш ҳиссининг амалий натижаси кўринмаётир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва унинг туман бўлимлари томонидан сув хўжалиги соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши, сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш устидан жорий йилнинг январь-октябрь ойида ўтказилган тадбирларда 355 та ҳолатда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.
- Таҳлиллар кўрсатадики, 193 ҳолатда қишлоқ хўжалиги сув истеъмолчилари томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидалари, 19 ҳолатда сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари бузилган, 35 ҳолатда эса сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ва бошқа ишлар ўзбошимчалик билан бажарилган, - дейди “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Сув танқислиги тобора жиддийлашаётган замонамизда бу ниҳоятда ташвишланарли ҳолат.
Қўшимча қилиш жоизки, жорий йилнинг биргина октябрь ойида 44 та ҳолатда сувдан фойдаланишда исрофгарчилик ва талон-тарож қилишларга йўл қўйилган. Хусусан, Кармана тумани “Нарпай” худудидаги “Карим Розиқ” фермер хўжалиги томонидан 6 гектар пахта майдони эътиборсизлик туфайли кўллатиб юборилган. Шунингдек, Хатирчи туманидаги “Сарварбек Сардорбек даласи”, “Қудрат Султон Ризоси” фермер хўжаликлари томонидан 2022 йил ҳосили учун ғалла экинини суғориш режимлари бузилган.
- Аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 86 та маъмурий жарима, 44 та жарима санкцияси қўлланилди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Меҳриддин Воҳидов. - 168 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судларга ва прокуратура органларига киритилди. Ўз навбатида тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 51 та ёзма кўрсатма ва 30 та тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида 796 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Мутахассислар келгуси йилда сув танқислиги янада ортиши эҳтимолини айтаётган бир пайтда сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик учун барчамиз бирдек маъсулмиз. Зотан, сув уволи нон уволи каби гуноҳдир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг