Навоийда округ комиссиясининг илк йиғилиши ўтказилди
Фото: «Халқ сўзи»
Мамлакатимизда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси бўйича жорий йилнинг 30 апрель кунига белгиланган референдум қизғин паллага кирди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 14 та округ комиссиялари фаолиятини бошлаб, хусусан 5-Навоий округ комиссияси ҳам ўзининг дастлабки йиғилишини ўтказди.
Йиғилишни округ комиссияси раиси кириш сўзи билан очиб, Округ комиссияси ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик тамойиллари асосида ташкил этиши, комиссия қарорлари очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинишини таъкидлади.
Шундан сўнг мазкур референдумни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни қонунчиликда белгиланган муддатларда босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида 5-Навоий округ комиссиясининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси комиссия аъзолари эътиборига ҳавола этилиб, ушбу режа референдум жараёнини тўғри ва самарали ташкил этиш, мавжуд куч ва имкониятларни оқилона тақсимлаш ҳамда йўналтиришда муҳим омил эканлиги таъкидланди. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 5-Навоий округ комиссиясининг «Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш ва календарь режаси» комиссия аъзолари томонидан тасдиқланди.
Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масалаларда Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида округ комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвалини тасдиқлаш, 5-Навоий округ комиссияси ҳудудида 411 та участка Референдум комиссиялари тузиш, округ комиссиясининг иш ҳужжатлари номенклатураси тўғрисидаги масалалари кўриб чиқилиб, округ комиссияси аъзолари томонидан тасдиқланди.
Қайд этиш жоиз, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилишда ОАВ билан ҳамкорликни кучайтиришни тақозо этади. Шу боис йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 5-Навоий округ комиссияси ҳузурида Матбуот маркази тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, марказ раҳбари ва унинг аъзолари таркиби тасдиқланди.
Йиғилишда округ комиссиялари аъзолари кўриб чиқилган ҳар бир масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, мажлис якуни билан кун тартибидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 5-Навоий округ комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг