Навоийда Наврўз сайли
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Наврўз Қизилқумда кўкламга интиққан дилларнинг оламга сиғмаган қувончи. У олис Томди кенгликларида, Учқудуқнинг Мингбулоқ, Жузқудуқ, Конимехнинг Учтепа каби овулларида қалбларга энг покиза туйғулар, теран орзу-умидлар жойлаб, минг-минг йиллик анъаналар ардоғида нишонланмоқда.
Байрамнинг асосий тантаналари Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида нишонланди. Вилоят ҳокими Нормат Турсунов барчани байрам билан қутлаб, Наврўз сайлига бошлади.

Боғда ўттиздан ошиқ миллат ва элат вакилларидан иборат вилоят аҳли серхосият байрамни аждодларимизнинг бебаҳо мероси сифатида нишонладилар. Ўтовлар тикилиб, халқ амалий ҳунармандчилик санъати кўргазмалари ташкил этилди. Фольклор дасталари, дорбозлар ўз байрам дастурларини намойиш қилишди. Турли спорт мусобақалари, халқ ўйинлари, мусобақалар уюштирилди. Байрам дастурхонларига баҳорий таомлар тортилди.
— Наврўз эзгулик тимсоли, бу байрам шунчаки оммавий тадбир эмас, — дейди вилоятдаги Озарбайжон миллий маданий маркази раҳбари Севил Болаева. — Балки турли миллатларга маънавий қувват берувчи, уларни бир-бирига жипслаштирувчи, улар қалбида муқаддас Ватан туйғусини мустаҳкамловчи бебаҳо қадрият ҳисобланади.

Наврўз номи ягона анъаналари минг хил байрам. У эзгулик ва меҳр-оқибат айёми. Байрам муносабати билан вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка ёлғиз кексалар, ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг