Навоий вилоятининг бир қатор ҳудудларида иссиқлик таъминоти нархлари ошади

12:26 28 Ноябрь 2024 Жамият
321 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг иккинчи сессиясида вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Ҳудуднинг Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Кармана туманидаги Маликработ ҳамда Конимех туманидаги Зафаробод қўрғонлари, Учқудуқ туманида “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) миқдорини ўзгартириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу масала юзасидан берилган ахборотда таъкидланишича, амалдаги тарифлар сўнгги тўрт йил мобайнида ўзгаришсиз қолиб, бу ўз-ўзидан “Иссиқлик манбаи” ДУКнинг иқтисодий барқарорлигига дахл этмоқда. Қолаверса, корхона фойдаланишидаги иссиқлик таъминоти тармоқлари олтмиш-етмиш йил аввал тортилган бўлиб, уларнинг 65-70 фоизга яқини ўз хизмат муддатларини ўтаб бўлган. Шунингдек, мазкур тармоқларга хизмат кўрсатиш техника ва ускуналари ҳам маънан эскирган. Мазкур иқтисодий вазият корхонанинг рентабеллик даражасига ўз таъсирини ўтказиб, ҳар йили субсидия олишини тақозо этмоқда.

Сессияда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Навоий вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси хулосалари депутатлар эътиборига ҳавола қилинди.

Мазкур масала депутатлар томонидан муҳокама этилиб, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси самарадорлигини ошириш ҳамда корхонани молиявий соғломлаштириш мақсадида кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар (тарифлар) миқдорини ўзгартиришга қарор қилинди. Унга кўра, Навоий шаҳрида 1 Гкал иссиқлик учун нархлар 97500 (эски нархи 75000) сўм этиб белгиланади. Шунингдек, вилоятнинг Зарафшон шаҳри, Кармана туманидаги Маликработ ҳамда Конимех туманидаги Зафаробод қўрғонлари, Учқудуқ туманида ҳам “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси томонидан кўрсатиладиган хизматлар тарифи ҳам оширилади.

Сессияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер