Навоий вилоятида олимлар билан кенг қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилади

16:08 15 Январь 2024 Жамият
728 0

Тошкент давлат техника университети ректори, академик Садритдин Турабжанов Навоий вилоятида бўлиб, талаба ёшлар, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети олимлари билан мулоқот қилди.

НДКТУ ректори Бахтиёр Мардонов мулоқот аввалида академикнинг серқирра фаолиятига тўхталаркан, олим илмий изланишларининг илм-фан ривожидаги дунёвий аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

— Менинг дастлабки илмий изланишларим Навоий шаҳри, хусусан “Навоий азот” корхонаси билан боғлиқ, — дейди С. Турабжанов. — Навоийлик олимлар билан узоқ йиллардан буён ҳамкорликда ишлаб келаяпмиз.

Кимё шундай соҳаки, ундаги изланиш ва биргина янгилик, яна ўнлаб, ҳатто юзлаб кашфиётларга йўл очади. Бугун инсоният келажаги, тараққиёт тақдири кимёгарларнинг илмий изланишлари шиддатига бевосита боғлиқ экан, бу борадаги инновацион ишланмаларга эҳтиёж ҳар қачонгиданда ошиб бораверади. Албатта, буни “Навоий азот”дек корхоналарсиз тасаввур этиш мушкул.

Тадбирда олимнинг устозлари, ҳамкасблари ва шогирдлари ҳам ўз фикр-мулоҳаза билдиришиб, академикнинг инсоний ва илмий ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат мактаби эканлиги таъкидлашди.

Шу куни Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида бир гуруҳ олимлар ҳамда Навоий вилоятида жойлашган саноат корхоналари вакиллари иштирокида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Унда С. Турабжанов ТДТУда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, амалий натижалар, ишлаб чиқаришга жорий этилаётган хусусида ўзаро фикр алмашиб, таклиф ва тавсияларини билдиришди. Университет олимлари ўз илмий изланишларининг тақдимотини ўтказишди.

Анжуманда “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Навоий азот”, “Навоий иссиқлик электр станцияси”, “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари каби йирик саноат корхоналарининг вакиллари олимларнинг таклифларига қизиқиш билдириб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олишди.

Қизилқум турнеси доирасида академик олим Зарафшон шаҳрида ҳам бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда республика миқёсида ўтказилган “Замонавий мактаблар” лойиҳасида Зарафшон шаҳридан 1-ўринни эгаллаган ва Топ-10 таликка кирган мактабларга шаҳар ҳокимлигининг пул мукофотлари топширилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер