Навоий вилоятида ноябрь ойида ярим миллиард сўмликдан кўп табиий газ ўғирланган
Фото: Getty Images
Мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин совиганига ҳам бир ойдан ошиб кетди. Аҳоли хонадонларида газ таъминоти босими пасайиб, газ ёқилғиси тўлдириш шохобчиларига «метан» график асосида берилишининг жорий этилиши ҳам иложсиз чора эканлигини кўпчилик англаб етди. Бироқ баъзи «тадбирли» кишилар кимнинг мозори куйса куйсину менинг қозоним қайнасин қабилида иш тутиб юрганга ўхшайди. Бироқ улар қинғир ишининг қийиғи қирқ йил тугул қирқ кунга ҳам етмади.
“Hududgaztaʼminot" АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 18 июндаги «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда ўтказилган рейд тадбирларида ишлаб чиқариш ва умумий овқатланиш объектларида ўғрилик, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш каби ҳолатлар аниқланмоқда.
Чунончи, “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлими ҳамда филиалнинг масъул мутахассислари томонидан туман ва шаҳарлар кесимида рейд тадбирлари ўтказилиб, табиий газ истеъмолида бир қатор қоидабузарликлар аниқланди. Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилган ўрганишлар натижасида Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Кармана туманида жами 7 та объектда табиий газга ноқонуний уланиш ҳолатлари маълум бўлди. Мазкур ҳолатларни рақамларда ифодаласак, ушбу объектларда ҳисобга олинмай сарф қилинган газ ҳажми 537,7 минг метр кубни, ўғирлик натижасида етказилган зарар миқдори эса 506, 2 млн.сўмни ташкил этади.
— Масалан, Навоий шаҳридаги «Навоий Парвоз» МЧЖга қарашли иссиқхона газ таъминоти корхонаси билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан, газдан фойдаланиши оқибатида 13,08 минг метр куб газ ҳисобга олинмай сарф қилиниб, газ таъминоти корхонасига 13,08 млн. сўм зарар етказилган, — дейди “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зебо Қутлиева. — «Экономик прожект» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш корхонасининг истеъмолчиси ҳам шу тахлит ўзбошимчалик билан табиий газдан фойдаланиб, 100,133 минг метр куб газнинг талон-тарож бўлишига йўл қўйган. «Кармана агро инвест» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шоҳобчасининг ўзбошимчалиги ҳаммасидан ошиб тушган. Шаҳобча таъминот корхонаси билан шарнома тузилмагани учун тармоқдан узилган. Аммо истеъмолчининг ўзбошимчалик билан табиий газга қайта уланиши натижасида 255 минг метр куб газ ҳисобга олинмай сарф қилинган. Ҳудуддаги «Бунёдкор замондош» МЧЖга қарашли хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати эса ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштирмасдан, ўзбошимчалик билан табиий газга ноқонуний уланган. Натижада 47,643 минг метр куб табиий газ сарфлаб юборилган. Табиий газни ўғирлаш ҳолати бўйича етказилган зарар миқдори эса 18,104 млн сўмни ташкил этади.
Рейд тадбирлари давомида Зарафшон шаҳридаги «Нурли диёр парранда» МЧЖга қарашли иссиқхонада табиий газга ноқонуний уланиш оқибатида 6,4 минг метр куб, Кармана туманидаги «Қизилтепа ҳамкор Осиё» МЧЖга қарашли иссиқхонада эса 109,576 минг метр куб газ талон-тарож қилингани фош этилди.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича барча материаллар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди. Айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида шу каби бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг