Навоий вилоятида нега аёллар ўртасида жиноятчилик сони ошмоқда?
Фото: Халқ сўзи
Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур саволга жавоб бераркан, аёллар томонидан ўтган йили содир этилган 193 та жиноят ишининг аксарияти молиявий масалаларда бўлиб, фирибгарлик билан боғлиқлигини таъкидлади.

— Хусусан, яқиндагина шунга ўхшаш жиноят иши кўриб чиқилди, — дейди Ҳ. Қудратов. — Аёл бошқа бир шахсга кредит олиши, кредит маблағини нақдлаштириб беришни ваъда қилиб, унинг ишончига киради. Олинган кредитни ўзлаштириб, жуфтакни ростлайди. Биргина шу аёл саккиз фуқарони айни тахлитда «чув» туширган. Бундай фирибгарликлар оқибатида аёллар ўртасидаги жиноятчилик сони Навоий вилоятида ўтган йили 2021 йилга нисбатан 53 фоизга ошган.
Матбуот анжуманида вилоятда ҳисобот даврида бир қатор жиноят турлари ортгани, ачинарлиси, ёшлар (20 фоиз) билан бирга 60 ёшдан ошган фуқаролар (20,8 фоиз) томонидан ҳам жиноятга қўл уриш ҳолатларининг кўпайгани қайд этилди.
— Биз ёшлар билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда МФЙдаги ёшлар етакчиларини ҳам таклиф этамиз, — дейди Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдуманнон Шайдоев. – Афсуски, аксарият ҳолларда улар келиб, иштирок этишмайди. Ваҳоланки, улар иштирок этишса, вазиятни баҳолаб, жиноятга қўл урган ёшларни кафилликка олишса, бундан ўша маҳалла ютиши, етакчининг ҳам маҳалла ёшлари орасида мавқейи мустаҳкамланиши табиий.
Тадбирда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан амалга оширилган ишларга эътибор қаратилар экан, Навоий вилоят судлари томонидан йил давомида кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 359 нафар шахсга нисбатан 216 та жиноят иши бўйича дастлабки айбловда қўйилган айблар ўзгартирилиб, қайта малакаланган ҳолда суднинг якуний қарорлари чиқарилгани (айблов ўзгартирилган жиноят ишлари сони 52,1 фоизга ошган), айблов ўзгартирилган ишларнинг 61 таси прокуратура органлари томонидан, 153 таси ички ишлар органларининг тергов бўлимлари томонидан тергов қилингани таъкидланди. Умуман олганда, ўтган йили 3 та жиноят иши бўйича жами 13 нафар шахс судлар томонидан оқланиб, шундан 3 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 10 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқлангани маълум қилинди. Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг