Навоий вилоятида 13 та олис қишлоқ интернет тармоғига уланди
Фото: “Халқ сўзи”
Президентимизнинг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси ҳамда халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамровини ошириш, шунингдек, оптик толали алоқа линияларини қуриш орқали олис ҳудудлардаги аҳоли хонадонларини юқори тезликдаги интернетга улаш имкониятини яратиш вазифалари белгиланган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида жорий йил бошидан буён Навоий вилояти бўйича 2,03 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, 22,07 минг портга тенг телекоммуникация ускуналари ўрнатилди.
— Амалга оширилган ишлар натижасида аҳоли яшаш масканларини оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олиш даражаси 88 фоизга етказилди, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги Навоий вилояти ҳудудий шўбаси бошлиғи Алишер Бўронов. — Шунингдек, вилоятда мобил алоқа ва мобил интернет қамровини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилаш мақсадида қўшимча 150 та янги база станциялари ўрнатилди ва модернизация қилинди. Натижада вилоятдаги аҳоли яшаш масканларининг мобил алоқа қамрови билан таъминланиш даражаси 97 фоизга етказилди.
Шу тахлит яқин-яқинларгача ҳеч бир мобил алоқа қамрови билан таъминланмаган аҳоли яшаш масканлари ҳам мобил алоқа ва мобил интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди. Хусусан, Конимех туманининг “Қарақата” ОФЙ, “Боймурод” МФЙнинг Янги турмуш аҳоли яшаш маскани, Томди туманининг “Томдибулоқ” ОФЙ, Жингилди аҳоли яшаш маскани, Учқудуқ туманидаги “Кўкаяз” ОФЙнинг Ақбайтал ва Кўкаяз аҳоли яшаш масканлари, Нурота туманининг “Каттасой” МФЙ Кичиксой аҳоли яшаш маскани, “Сувлиқ” МФЙнинг Модувот ва Совуқбулоқ қишлоқлари аҳолиси мобил алоқа ва мобил интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилиб, вилоят марказидан 250 километрдан 500 километргача олис масофада жойлашган қишлоқлардаги мактаблар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг