Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватдаги фотоэлектрик станцияси қурилади

10:12 22 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
898 0

“Masdar” ва “Mubadala” компаниялари билан ҳамкорликнинг тамал тоши мамлакатимиз Президентининг 2019 йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида қўйилган, ўшанда электр станциялари қуриш бўйича шартномалар имзоланган эди.

“Mubadala” БААнинг 200 миллиард долларлик инвестицион портфелга эга давлат холдинги ҳисобланиб, “Masdar” унинг тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида фаолият олиб боради. Мазкур ҳамкорлик самараси ўлароқ 2019 йилнинг ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида Давлат хусусий шерикчилик асосида Республикада биринчи қуёш электростанциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш ва қуриш мақсадида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги келишув ҳамда Инвестицион келишув битими имзоланган эди.

Унга кўра Ўзбекистонда 2030 йилга қадар 5 гигаватт (ГВт) қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Халқаро Молия корпорациясининг (IFC) "Scaling Solar" дастури доирасида Ўзбекистон 1 ГВт қуёш фотоэлектр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ўрнатишни режалаштирилган.

Мазкур фотоэлектр станциясини қуриш учун "Masdar« компанияси таъсисчилигида »NUR NAVOI SOLAR" хорижий корхонаси ташкил этилди. Станциянинг қурилиш ишлари 2020 йилда бошланиб, 2021 йил учинчи чорагида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур корхона лойиҳани 25 йил давомида сақлайди ва бошқаради.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер