Навоий ИЭСда қуввати 650 МВт бўлган янги буғ-газ қурилмаси бунёд этилади
“Навоий ИЭСда қуввати 650 МВт бўлган учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида “Навоий ИЭС” АЖ ва “Mitsubishi Power Ltd.» (Япония) компанияси ўртасида ушбу энергоқурилмани қуриш бўйича шартнома имзоланди.
Инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг 2023 – 2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-459-сонли қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шартнома шартларига кўра, “Mitsubishi Power Ltd.» компанияси томонидан Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган “Навоий ИЭС” АЖда қуввати 650 МВт бўлган замонавий ва энергосамарадор буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари олиб борилади.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 2023 – 2026 йиллар этиб белгиланган. Инвестиция лойиҳаси Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИCА)нинг молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади.
Лойиҳа рўёби натижасида республика энергетика тизимида йилига 4,8 млрд кВт⋅соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади. Унда замонавий ҳамда энергосамарадор қурилмалар жорий этилиши пировардида йилига 1 млрд куб метр табиий газни тежаши баробарида, 347 та янги иш ўрни яратилишини ҳам таъминлайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг