Навоий ҳокими «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди
Фото: "Халқ сўзи"
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоийга келган меҳмонларнинг кўпчилиги шаҳардаги орасталикни эътироф этиб, коммунал хизмат тизимининг Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфида эканлиги билан боғлашарди.
Мана бир неча йилдирки, ушбу тизим вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси таркибида фаолият олиб бормоқда. Шаҳар эса озода ва фусункорликда ўз мавқеини бой берган эмас. Аксинча, Республикамиз Президентининг 2021 йил 19 июндаги «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида шаҳардаги кўп квартирали уйларга намунали хизмат кўрсатиш эътироф этилиб, «Навоий тажрибаси»ни республика ҳудудларига кенг ёйиш вазифалари белгиланди.
Бугунги кунда вилоятнинг шаҳар ва туманларида фаолият олиб бораётган уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнида 64 та бошқарув органлари фаолият юритиб, 2008 та кўп хонадонли уйлар уларга бириктирилган. Ушбу субъектларда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш қатъий тизимлаштирилганлиги ва доим такомиллаштирилиб борилаётгани ўз самараларини бермоқда. Хусусан, вилоят аҳолисининг тўлов интизоми бугунги кунда 100 фоизга етиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, мавжуд 10,1 млрд. сўм дебитор қарздорлик ҳозирда тўлиқ сўндирилган. Бу эса соҳада бевосита хизмат сифатининг ошиши таъминланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур барқарорлик республика Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан эътироф этилиб, вилоят ҳокими Нормат Турсунов «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева кўкрак нишонини эгасига топширар экан, соҳадаги ислоҳотларда Навоий вилояти намуна эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг