Навоий ҳарбий гарнизонида Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди

17:21 01 Март 2024 Жамият
442 0

Фото: "Халқ сўзи"

Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ҳарбий округининг Навоий ҳарбий гарнизонида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлардан бир гуруҳининг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда округ қўмондонлиги вакиллари, аскар йигитларнинг ота-оналари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Сўз олганлар йигитлик онтини ичаётган аскарлар ҳаётидаги унутилмас лаҳзалар билан қутланар экан, Ватанга хизмат қилиш — шарафли бурч ва мардлик намунаси эканлиги таъкидлашди. Мамлакатимиз Олий бош қўмондони раҳнамолигида ўтган йиллар мобайнида миллий армиямизни модернизациялаш ва ислоҳ қилиш, энг замонавий қурол-яроғ, ҳарбий техника турлари билан қуроллантириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш, моддий, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш борасида катта ишларнинг амалга оширилганлиги, муддатли ҳарбий бурчини шараф билан ўтаган аскарларга бир қатор имтиёзлар берилаётгани мамнуният билан қайд этишди.

— Фарзандимнинг Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ҳарбий қасамёд қабул қилаётганлиги биз учун ҳам фахр, — дейди ота-оналардан бири Ориф Ҳакимов. — Минг шукур, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Буларнинг барчаси мамлакатимиз Президентининг оқилона сиёсати самарасидир.

Шундан сўнг аскарлар Ватан олдидаги бурчини ҳалол бажаришга виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикаси халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда қасамёд қилишди.

Тадбир якунида ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Ҳарбий оркестр ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер