Натижага асосланган бошқарув – қишлоқ, сув хўжалиги ва экологияда самарадорликка йўл
Фото: AI
Сўнгги йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги, экология соҳаларида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу соҳалар иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва аҳолининг ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ бўлиб, ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги ҳамда экологик босимнинг ортиб бориши замонавий сервис тамойилларига асосланган янгича бошқарув тизимига ўтишни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, давлат бошқарувида натижага асосланган тизимни жорий этишга қаратилган Фармоннинг қабул қилиниши қишлоқ, сув хўжалиги ва экология соҳаларида мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш, масъулият ва жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш зарурати билан изоҳланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бошқарувда натижадорликни бош мезон сифатида белгилаб, давлат органларидан аниқ ва ўлчанадиган натижаларга эришишни талаб этади.
Жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология соҳаларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, соҳавий дастурлар ижросида жавобгарликни кучайтириш, уларнинг реал иқтисодий, экологик ва ижтимоий таъсирини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари фаолиятини аҳоли, фермерлар ва атроф-муҳит манфаатларига хизмат қилдириш каби натижага йўналтирилган мақсадлар белгиланган.
Фармонда жорий этилиши назарда тутилган янги тизим агросаноат мажмуини оқилона бошқариш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган. Хусусан, аграр соҳада кўрсатиладиган хизматлар тўлиқ хатловдан ўтказилади, агросаноат мажмуидаги бюджет ташкилотларига тегишли бино ва иншоотлар рўйхати шакллантирилади. Шунингдек, “Ягона дарча” тамойили асосида агрохизматлар кўрсатувчи ташкилотларни ягона бинога жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)лар”да ушбу тизим босқичма-босқич жорий этилади.
Бу чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигида хизматлар сифатини яхшилаш, уларни тизимли мониторинг қилишни йўлга қўйиш ҳамда фермерлар ва бошқа агробизнес субъектлари учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади. Хусусан, Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида ўтказилган таҳлиллар агрокомплекс таркибига кирувчи ташкилотлар тарқоқ жойлашгани, фаолияти кўпроқ маъмурий-бошқарувга йўналтирилгани ва хизмат кўрсатиш самарали ташкил этилмаганини кўрсатди. Бу эса фермерларни бир масала бўйича бир нечта ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур қилиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфига, натижада хўжалик юритиш самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.
Шуни инобатга олган ҳолда, туманда “ягона дарча” тамойили асосида агроинтеграция маркази ташкил этилади ва унинг қошида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ситуацион-таҳлилий марказ ҳамда дрон хизмати йўлга қўйилади. Бунда туман агрокомплекс ташкилотлари ягона бинода жойлаштирилиб, хизматлар сифати оширилади ва комплекс тарзда иш ташкил этиш имконияти яратилади.
Натижада агрохизматлар кўрсатиш жараёни 2–3 баробар тезлашади, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқаради, идоралараро ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви яхшиланади. Бу орқали бошқарув самарадорлиги таъминланиб, давлат идораларига нисбатан ишонч ортади. Ушбу тизим 2026–2027 йиллар давомида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” 33 та туман (шаҳар)да жорий қилиниши белгиланган.
Шунингдек, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари марказларида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 14 та бошқарма ягона агрокомплексга жойлаштирилиб, “Ягона дарча” тамойили асосида 80 дан ортиқ хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг молиявий мустақиллигини кучайтириш орқали соҳани бошқариш тизими натижадорлигини оширишга қаратилган аниқ амалий чоралар амалга оширилади.
Сув хўжалигида натижага асосланган бошқарув тизими сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа соҳалар билан интеграцияни яхшилаш учун мустаҳкам асос яратади. Умумий бошқарув тизимида сув хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идоралар самарадорлик кўрсаткичлари, аниқ масъулият ва ўзаро интеграция асосида иштирок этади. Бу эса қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тадбирларини самарали ташкил этиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, Бошқарув самарадорлиги агентлиги умумий мувофиқлаштирувчи орган сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда барча давлат органлари иштирокида бошқарув самарадорлигини ошириш бўйича чоралар режасини амалга оширади. Бу агросаноат мажмуи субъектларини бошқарув мезонлари асосида баҳолаш ва мувофиқлаштиришга хизмат қилиб, аграр секторда, жумладан сув ресурсларидан фойдаланиш тизимида ҳам самарадорликни оширади.
Натижага асосланган бошқарув тизимининг моҳияти “Қанча иш қилинди?” деган ёндашувдан кўра, “Қандай натижага эришилди?” деган тамойил устуворлиги билан белгиланади. Бунда ҳар бир вазирлик, идора ва ҳудуд учун аниқ мақсадли кўрсаткичлар (KPI) белгиланади, бюджет маблағлари натижа билан боғлаб ажратилади, ҳисоботлар фақат бажарилган ишлар рўйхати эмас, балки амалдаги самарани акс эттиради. Шу билан бирга, раҳбарлар ва масъул шахслар эришилган натижалар учун шахсий жавобгар бўлади.
Қишлоқ хўжалигида мазкур тизим ер унумдорлигини ошириш, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатини яхшилаш, хизматлар самарадорлигини кучайтириш, агротехнологияларни жорий этиш натижаларини ҳамда давлат кўмагининг ҳақиқий таъсирини аниқ баҳолаш имконини беради. Бу жараёнда фермер манфаатлари бозор талаби билан уйғунлашади.
Сув хўжалигида эса натижага асосланган бошқарув сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни кучайтириш, сув йўқотишларини камайтириш, мелиоратив тадбирлар самарадорлигини реал баҳолаш, сув таъминотида адолат ва шаффофликни таъминлаш, соҳага йўналтирилаётган инвестиция ва бюджет маблағларининг самарасини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали “сув бор – натижа йўқ” каби ҳолатларга барҳам берилади.
Экология йўналишида эса натижага асосланган бошқарув атроф-муҳитга таъсир этувчи омилларни аниқ ҳисобга олиш, ҳаво, сув ва ер ифлосланишини камайтириш бўйича реал натижаларни баҳолаш, экологик дастурларнинг формал эмас, амалий самарасини таъминлаш ҳамда табиий ресурсларни муҳофаза қилишда жавобгарликни кучайтириш имконини яратади.
Азизилло Хамдамов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Иқлим ўзгариши шароитида аграр соҳада давлат хизмати ва бошқарув самарадорлигини риожлантириш департаменти бошлиғи ўринбосари, Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг