Нанай минтақанинг гавжум сайёҳлик марказига айланади

11:47 31 Январь 2022 Жамият
1303 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятининг машҳур Нанай қишлоғида бўлганмисиз? Ўзининг жозибадор манзаралари, сўлим табиати билан сайёҳлар эътиборини тортадиган бу қишлоқ Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган. Кейинги йилларда ушбу масканда туризм индустриясини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Мамлакат ички туризмида муносиб ўринга эга бўлган қишлоқда ҳозирда 60 га яқин уй меҳмонхоналари, дам олиш зоналари, кўплаб миллий таомлар ошхоналари ва кемпинглар хизмат кўрсатмоқда.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бу ерда бўлиб, туризмни янада ривожлантириш имкониятлари билан танишди. Тоғ ён бағрида барпо этилган соғломлаштириш комплексида ўндан ортиқ ташаббускорлар соҳага доир истиқболли лойиҳаларини тақдим этдилар.

Тадбиркорлар Аъзамжон Раҳимов, Дилмурод Абдусатторов, Тўрамирза Мирзафаров, Мирғолиб Абиловнинг уй меҳмонхоналари қуриш, Алишер Усувалиевнинг «Оҳу» дам олиш маскани негизида бассейн, фитнес клуб, пляж футболи ва ўтов кемпингларини ташкиллаштириш бўйича лойиҳалари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Айниқса, Равшаной Абдураззоқова ҳамда Баёзбек Шариповнинг ҳудудда дор йўли ва от спортини ривожлантириш бўйича тақдим этган лойиҳалари алоҳида эътироф этилди.

Бир сўз билан айтганда, режалар бисёр, мақсадлар эзгу. Лойиҳаларга кўра, Нанайда яқин вақт ичида 1,7 километр узунликда дор йўли, 100 метр узунликда ойнали, шаффоф осма кўприк, 0,5 километр масофада пиёдалар, 2,4 километрлик отда сайр қилиш йўлаклари барпо этилади. Бундан ташқари ўндан ортиқ замонавий сайёҳлик марказлари ишга туширилади.

— Нанайда туризмни ривожлантириш салоҳияти юқори, уни рўёбга чиқариш учун барча шароитларни ўз ичига олган концептуал ёндашувлар керак. Биз маблағ, коммунал таъминот, энергия манбаларига уланиш каби масалаларни ўз ўрнида ҳал қилиб беришга тайёрмиз. Ташаббускорлардан эса шунга яраша хоҳиш ва ҳаракат талаб этилади, — деди вилоят раҳбари.

Тақдимот давомида юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит ҳамда субсидия олиш юзасидан талаб ва таклифлар берилди. Асосийси, лойиҳалар ҳаётга тўла татбиқ этилиши билан мингга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланади ва, сўзсиз, ҳудудга туристлар оқими кескин ортади.

Қудратилла Нажмиддинов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер