Наманганда журналистлар таклифи асосида 400 эҳтиёжманд оилага байрам совғалари топширилди
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан ҳудуддаги барча ОАВ воситалари вакиллари ва блогерлар катта хайрия акциясида иштирок этдилар. Ҳамиша халқ орасида юрадиган касб эгалари жойлардаги энг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мурувват кўрсатиш бўйича таклифларини берган эдилар. Кеча Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасининг катта залида меҳрга муҳтож 400 хонадон эгалари ва уларнинг фарзандларига байрам тантанаси уюштирилди. Уларга 18 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат Янги йил совғаси, болалар учун иссиқ кийимлар тақдим қилинди.

Йиғилганларни байрам билан табриклаган вилоят раҳбари ўз сўзида 2023 йилнинг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб номлангани инсон қадрини улуғлаш йўлидаги эзгу амаллар изчил давом этишидан далолат беришини таъкидлади.
— Вилоятимиз марказига камдан-кам келаман, — дейди Тўрақўрғон туманидаги Шовон маҳалласида яшовчи Раъно Матқобулова. — Байрам арафасида йўқлов баҳона тантанали тадбирга чақиришганидан бошим осмонга етди. Егуликларга тўла катта қутидаги совғада байрам дастурхонини тўлдирадиган ҳамма нарса бор. Совға қилинган бежирим қишки кийим ўғлим Комронга жуда-жуда ярашиб тушди. Олис қишлоқлардан бу жойга келган биз сингари барча каттаю кичик уйимизга унутилмас таассурот билан қайтамиз.
Шу куни бетоблиги ёки жисмоний нуқсони туфайли тадбирга кела олмаган кўнгли ярим инсонлар ҳам байрам қутловидан баҳраманд бўлдилар. Журналист ва блогерлар Янги йил совғаларини уларнинг хонадонига етказдилар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг