Наманганда яна бир янги мактаб биноси

10:35 06 Сентябр 2022 Жамият
891 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан нуфуси бир миллионга яқинлашиб қолган Наманган шаҳрини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Янги Наманган туманида аҳоли учун муносиб турмуш яратиш йўлидаги амалий ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Буни ўтган қисқа вақт ичида барпо этилган ижтимоий йўналишдаги бино ва иншоотлар қурилиши ҳам тасдиқлайди. Хусусан, куни кеча ҳудуддаги 94-умумтаълим мактаби учун замонавий бино тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

16,8 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган 660 ўринли таълим даргоҳи таркибидаги кенг ва ёруғ синф хоналари, спорт зали, ошхона ва фаоллар зали, шунингдек, замонавий лаборатория, компьютер хоналари, очиқ сунъий қопламали футбол майдончаси ўқиш ва ўқитиш сифатини юқори даражага кўтариш имконини беради.

— Бугун сизни қучоғига олган кўркам мактаб биноси ҳамманинг ҳавасини келтиради, — деди таълим жамоасининг Билимлар куни тантанасига шерик бўлиш учун ташриф буюрган туман ҳокими Жобир Абдуллаев. — Бундай шарт-шароит ва ғамҳўрликларга жавобан фақат аъло баҳоларга ўқиш, ота-оналар ва устозлар ишончига муносиб бўлишингиз керак, албатта.

Билим маскани тақдимоти биринчи қўнғироқ тантаналари билан уйғунлашиб чинакам байрамга айланди. Ўқувчилар ижросидаги бадиий чиқишлар, мактабга илк қадам қўйган болажонларга Президент совғаларининг топширилиши мактаб жамоаси ва ота-оналарнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши табиий.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер