Наманганда қўғирчоқ театрининг биноси фойдаланишга топширилди

15:34 12 Февраль 2024 Жамият
663 0

Вилоятда болажонларнинг узоқ йиллик орзуси бўлган қўғирчоқ театрининг ташкил этиш ҳаракатига киришилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий ишлар жараёнида театр учун мўлжалланган бино ҳам қуриб битказилди. Вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғининг ёнгинасида қад ростлаган икки қаватли муҳташам иншоотнинг ташқи кўринишига кишининг ҳаваси келади.

— Бинодан 240 ўринли томошалар зали, болалар фильмлари намойишига мўлжалланган 70 ўринли кичик кино зали, ишлаб чиқариш цехи учун махсус хоналар ўрин олган, — дейди театр директори Озода Усмонова. — Турдош жамоалардан фарқли ўлароқ бу ерда жисмоний имконияти чекланган болажонлар учун махсус йўлак қурилиб, алоҳида лифт ҳам ўрнатилган.

Куни кеча янги маданият муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда сўз олганлар кейинги йилларда маданият ва санъат соҳасига кўрсатилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталдилар. Рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар янги бинодаги шароитлар билан танишганларидан сўнг театр пардаси Иқбол Мирзо қаламига мансуб “Алишер Навоий ва Ҳусайннинг ёшлиги” спектакли намойиши билан очилди.

Маълумот учун, замонавий қўғирчоқ театри биноси қурилиши ва жиҳозлаш ишларига давлат бюджетидан 18 млрд. 800 млн. сўм маблағ сарфланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер