Наманганда истироҳат боғидаги дарахтни кесган фуқаро 13 миллион 940 минг сўм миқдоридаги жаримага тортилди

12:57 22 Февраль 2024 Жамият
276 0

Фото: "Халқ сўзи"

Қудратилла Нажмиддинов/ “Халқ сўзи”. Юртимизни яшилликка буркаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш масаласи устуворлик касб этган ҳозирги шароитда ўсимлик дунёсига қай тартибда бўлмасин зарар етказиш фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилинмоғи шарт.

Наманган шаҳар Экология бўлими инспекторлари ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ҳудудларда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, ноқонуний дарахт кесиш ва сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш бўйича ўтказилган рейд тадбирида шундай кўринишнинг устида чиқдилар. Яна қаерда денг, вилоят марказидаги З. М. Бобур номли маданият ва истироҳат боғида. Ваҳоланки, бу ердаги ҳар бир дарахт, айниқса, кўп йиллик чинорлар бераётган соянинг ўзи беҳад қадрли.

Фуқаро Б. М. аттракцион ёнида барқ уриб ўсаётган чинорга ўзбошимчалик билан арра солган. Унинг айни хатти-ҳаракати Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни содир этганлик билан квалификация қилинди ва тегишли чорага муносиб. Амалда ҳолат бўйича унга маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблашнинг беш баробари миқдорида, 1 700 000 сўм жарима тайинланди. Бунга қўшимча ўсимлик дунёсига етказган зарари 12 миллион 240 000 сўм миқдорида белгиланди. Демак, қонунбузар ҳаммаси бўлиб 13 миллион 940 минг сўм тўлайди.

— Республикамизда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий эълон қилингани нафақат атроф-муҳит муҳофазаси ходимлари, балки, бутун жамоатчиликнинг масъулиятини оширмоғи лозим, — дейди Наманган шаҳар экология бўлими бошлиғи Баҳромжон Мўйдинов. — Истироҳат боғидаги қонунбузарлик жуда уятли иш бўлди. Боғ мутасаддилари, аттракцион эгасини ҳам айни масаладаги бефарқликлари учун жиддий огоҳлантиришга тўғри келди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер