Наманганда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди
Фото: Прокуратура департаменти
Наманган вилоятида қонунга хилоф равишда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган МЧЖ раҳбари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Давлатобод тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Д.Ф.» МЧЖ раҳбари О.Д. (муқаддам судланган) «Орзу» МФЙ ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехида қонунга хилоф равишда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келганлиги аниқланган.
Мазкур манзилдан умумий баҳоси 502,9 млн сўмлик 9 турдаги 138 031 қути дори воситалари ва дори тайёрлашда ишлатиладиган бошқа хом ашёлар ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг