Наманганда «ақлли шаҳар» яратилади
Наманган вилоятида «Ақлли шаҳар» илмий-амалий марказини ташкил этиш ишларига старт берилди.
Умумий қиймати 16 миллиард сўм бўлган, замонавий технологиялар асосида ҳудудларни ривожлантириш, бошқарув тизимларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланишга қаратилган мазкур йирик лойиҳага мувофиқ Наманган Давлат техника университети негизида «Сунъий интеллект» илмий лабораториясини ташкил этиш, олий таълим тизимини рақамли трансформация қилиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди .
Бу борада соҳа мутахассислари ва масъулларидан иборат вилоят делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шензҳен шаҳридаги «Longgang Smart Center» илмий-амалий маркази фаолияти мисолида ўзлаштириб қайтган тажрибалари маҳаллий шарт-шароит ва имкониятларга уйғунлаштирилган тарзда амалиётга жорий қилинмоқда.
«Longgang Smart Center» бугунги кунда Шензҳен шаҳрини тўлиқ реал вақт режимида бошқарувчи замонавий «Ақлли шаҳар» илмий-амалий маркази ҳисобланади. Ушбу марказ орқали 200 мингдан ортиқ камера ёрдамида доимий мониторинг олиб борилади, сув таъминоти, канализация, йўл инфратузилмаси, шаҳарсозлик ва чиқинди тизимлари сунъий интеллект воситасида бошқарилади.
Чиқинди миқдори ошган ҳолатларда тизим автоматик маълумот беради. Шунингдек, қурилиш объектлари ва инфратузилма 3D виртуал муҳитда назорат қилинади, светофорлар, транспорт ҳаракати ҳамда оммавий тадбирлар доимий кузатув остида бўлади.
Бугунги кунда Наманган Давлат техника университети таълим, илмий ва бошқарув жараёнларини замонавий технологиялар асосида такомиллаштиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг етакчи технологик компанияларидан бири — Huawei билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида университет инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалий келишувларга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида университетда сунъий интеллектга асосланган «Хавфсиз университет» тизимини жорий этиш, кампус ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, кириш-чиқиш ва мониторинг жараёнларини рақамли таҳлил асосида бошқариш, шунингдек, рақамли бошқарув тизимини яратиш масалалари белгилаб олинди. Ушбу тизимлар орқали бошқарув жараёнларида шаффофлик, тезкорлик ва самарадорликни ошириш кўзда тутилмоқда.
— Куни кеча Наманган давлат техника университетининг илмий-амалий марказ мўлжалланган биносини реконструкция қилиш ва қўшимча янги бино қурилишига киришилди, — дейди Наманган вилояти ҳокимининг Сунъий интеллектни ривожлантириш ва рақамли технологиялар бўйича маслаҳатчиси Шерзод Турсунов. — Мазкур қисқа муддатларда лаборатория фаолиятини бошласа, у бутун Наманган шаҳридаги барча хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятини рақамли технологиялар платформаси воситасида тартибга солиб, бошқаради.
Режалаштирилаётган илмий лаборатория талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, сунъий интеллектни реал лойиҳаларда қўллаш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Акрамжон Сатторов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг